Пойтахтимизда барпо этилиб, фаолиятини бошлаган “Олимпия шаҳарчаси” нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсдаги кўплаб йирик спорт тадбирлари, анжуманлар, мусобақаларга мезбонлик қилмоқда.
Ўтган давр мобайнида ушбу масканда ўнга яқин халқаро тадбирлар, 50 дан зиёд мамлакат миқёсидаги чемпионат ва биринчиликлар, юзга яқин ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилди.
Бугунги кунда 50 га яқин спорт ташкилотлари, федерация ва ассоциациялар, марказ ва таълим муассасаларини қамраб олган “Олимпия шаҳарчаси”ни қизғин спорт “об-ҳавоси” қамраб олган.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Олимпия шаҳарчаси” халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланиши, меъморий жиҳатдан мукаммал, энергия тежамкор ва энг илғор инновацион ечимларни мужассам қилган замонавий мажмуага айлантириш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
“Олимпия шаҳарчаси” ҳудудида бунёд этилаётган Давлат спорт тиббиёти ва илмий амалий маркази ҳамда Паралимпия спорт турларига мўлжалланган миллий терма жамоалар марказида сўнгги таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Куни кеча спорт вазири Адҳам Икромов етакчилигидаги мутахассислар “Олимпия шаҳарчаси”да барпо этилаётган Давлат спорт тиббиёти ва илмий амалий маркази ҳамда Паралимпия спорт турларига мўлжалланган миллий терма жамоалар марказидаги иш жараёнларини кўздан кечирди.
Мутасаддилар томонидан мазкур иншоотларнинг спортчилар ва пара атлетлар учун қулай тарзда бунёд этилиши ҳамда унинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш, қурилиш жараёнларини якунлаш ҳамда фойдаланишга топшириш ишларини тезлаштириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар юкланди.

Соҳа вакиллари, тегишли йўналишларнинг мутахассислари билан суҳбат ва мулоқотлар давомида мазкур мажмуалар келгусида спортчиларни юқори даражада тайёрлашга, мамлакатимиз спорт ҳаракати ривожига хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Т.Рўзиев, ЎзА