Хабарингиз бор, дунё спорт ихлосмандларининг эътибори 4-20 февраль кунлари Пекинда бўлиб ўтадиган қишки олимпия ўйинларига қаратилади.
Айни кунларда мазкур нуфузли мусобақа теграсидаги гап-сўзлар авж пардага кўтарилмоқда. Худди шунингдек, мамлакатимизда ҳам Пекин олимпиадасига қизиқиш юқори. Кунора кўча-кўйда қишки олимпия ўйинлари юртимиздаги қайси телеканаларда намойиш этилиши, унинг қамрови қай тарзда бўлиши хусусидаги инсонларнинг фикрларини эшитиб қолмоқдамиз. Шу боисдан мазкур саволларга аниқлик киритиш масаласида Ўзбекистон телерадиокомпанияси “Sport” телерадио канали директори Зоҳид Каримов билан суҳбатлашдик.
– Пекинда ўтадиган қишки олимпия ўйинларининг баҳсларини ўзбекистонлик спорт мухлислари қайси телеканаллар орқали кўриши мумкин?
– Дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби юртимизда ҳам қишки спорт турларига, айниқса ҳар тўрт йилда бўладиган олимпия баҳсларига қизиқиш жуда юқори. Мухлислар истагини инобатга олган ҳолда “Sport”, “Sport-2”, “Yoshlar”, “Mahalla”, “Dunyo bo’ylab” каналларида ҳозирдан Пекин-2022 тўғрисида маълумот тарздаги кўрсатувларни бериб бормоқдамиз.
– Олимпия ўйинлари тўғрисидаги маълумотлар билан мухлисларни бундан-да кенгроқ таништириб бориш учун яна қандай ишлар қилинмоқда?
– Телерадиокомпаниямиз томонидан ўйинларнинг трансляция ҳуқуқи қўлга киритилгач, махсус медиа режа ишлаб чиқилди. Ҳар куни 5 та телеканалда 30 соатга (умумий 400 соатга)яқин жонли эфир, махсус таҳлилий ва информацион дастурларни тайёрлаш белгиланган. Медиа режага биноан қишки олимпия ўйинларига қадар махсус дастурлар тайёрлаш, тонгги “Спорт вақти” ахборот-дам олиш ва кўнгилочар дастурида қишки олимпия ўйинлари ҳақида рукунлар ташкил қилиш, спорт турлари ҳақида роликлар бериб бориш, ҳар бир олимпия йўналиши тўғрисида кундаликлар тайёрлаш борасида ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, мухлисларга олимпия ўйинларининг ҳар бир дастури ва йўналишини, очилиш ва ёпилиш маросимларидаги воқеликларни тўлақонли етказиб бериш борасида етук мутахассис ва шарҳловчиларни жалб қилиш, улар билан ҳар бир йўналишни қай тарзда тайёрлаш масаласида ҳам ишлар олиб борилмоқда.
– Қишки олимпия ўйинлари трансцлияцияси ҳуқуқини қўлга киритиш жараёни қандай кечди?
– Хабарингиз бор, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўтган йили Токиода ўтган ёзги олимпия ўйинларини ҳам трансляция қилганди. Намойиш ҳуқуқи эгалари билан музокаралар жараёнида тўртта катта эвент ҳақида сўз борган ва якунда барчаси ижобийга ҳал бўлганди. Шу тариқа тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақалари ҳуқуқини қўлга киритгандик. Бу борада “Sport” телеканалида бир неча йиллик тажриба бор эканлиги ҳам музокаралар жараёнида асосий роль ўйнаган жиҳат бўлди.
– Сир бўлмаса, қишки олимпия ўйинлари трансляция ҳуқуқини қўлга киритиш сарф-харажатлари қанчага тушди ва бу харажатлар қайси манбалар билан қопланмоқда?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, йирик тўртта эвент ҳуқуқи бир вақтда қўлга киритилган. Бу борада Миллий телерадиокомпаниянинг шу йўналишда ишлайдиган алоҳида бўлими шуғулланмоқда. Олимпия ўйинлари трансляция харажатлари бюджетдан ташқари маблағлардан ҳамда рекламадан тушадиган тушимлар ҳисобидан молиялаштирилади.
– Ўзбекистонлик спорт шарҳловчилари бевосита олимпия ўйинлари жараёнидан шарҳларни олиб боришадими ёки онлайн тарзда мусобақалар шарҳланадими?
– Хабарингиз бор, Токиода ўтган ёзги олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар кўпчиликни ташкил қилганди. Табиийки, юртдошларимизнинг чиқишларини ёритиш ва воқеа жойидан репортажлар тайёрлашга бўлган эҳтиёж ҳам катта эди ўшанда. Шу сабабли “Sport” телерадиоканалининг махсус ижодий гуруҳи кунчиқар юртдан бевосита олимпия ўйинлари жараёнида фаолият юритишди. Ўйлайманки, бу ўзини ҳар томонлама оқлади. Қишки олимпия ўйинларида эса 1 нафар спортчимиз (Комилжон Тўхтаев) иштирок этиши кутилмоқда. Делегация таркиби ҳам у қадар катта эмас. Биласиз, дунёда бўлгани каби мезбон Хитой давлатида ҳам эпидемиологик вазият хавотирли бўлиб турибди ва ушбу юртга чекланган иштирокчилар ва оммавий ахборот воситалари қўйилмоқда.
Шундай вазиятдан келиб чиқиб ҳамда ўйинларда бир нафар спортчимиз қатнашишини назарда тутган ҳолда қишки олимпия ўйинларини Пекин-2022нинг марказий трансляцияси тақдим этадиган медиа контент орқали онлайн ёритилиши белгиланган.
– Олимпия ўйинларида тоғ чанғиси бўйича ҳамюртимиз Комилжон Тўхтаев медаллар учун баҳсларда қатнашади. Айнан унинг иштирокидаги мусобақаларни шарҳлаш бўйича алоҳида режа ишлаб чиқилганми ёки олимпия дастури асосида шарҳ олиб бориладими?
– Спортчимиз тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида тоғ чанғи спортининг слалом ва гигант слалом йўналишларида ғолиблик учун кураш олиб боради. Айтишим лозимки, Тўхтаевнинг мусобақаларга қандай тайёргарлик кўраётгани “Sport” телерадиоканалида мунтазам ёритиб келинмоқда. Табиийки, унинг қишки олимпия ўйинларидаги иштироки ҳам эътибор марказида бўлади. Комилжон Тўхтаевнинг чиқишлари шарҳловчиларимиз томонидан мутахассислар билан ҳамкорликда шарҳлаб борилиши режа қилинган. Шу ўринда айтишим лозимки, ўзбекистонлик спорт шарҳловчилар, журналистлар ҳам юртимиз чемпионлари қатори халқаро спорт оламида, хусусан, медиа дунёсида ўз ўрнини топиб бормоқда. Аҳамиятлиси, бошқа хорижий тилларда ҳам мукаммал спорт шарҳини олиб бораётган шарҳловчилар авлоди шаклланиб келмоқда. Ўтказилаётган олимпия ва қитъа ўйинлари, жаҳон чемпионатлари биз учун катта мактаб бўлмоқда.
Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди, ЎзА