2026 йил 10–15 январь кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида математика, физика ва информатика фанлари бўйича 22-Халқаро Жаутиков олимпиадаси (IZhO 2026) бўлиб ўтди. Дунёнинг 15 давлатидан 700 дан ортиқ иқтидорли ёшлар иштирок этган ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихидаги энг юқори натижани қайд этди.
Якунда терма жамоамиз 3 та олтин, 8 та кумуш ва 9 та бронза медаль билан юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Бу натижа нафақат ёш олимларнинг иқтидори ва меҳнатининг, балки олий таълим муассасалари ва устозларининг замонавий фан ва технологияларни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларининг ҳам самарасидир.

Мазкур мусобақада Гулистон давлат университети Ахборот технологиялари ҳамда Физика-математика факультети магистр ва талабалари ҳам фаол иштирок этишди. Жумладан, Санжарбек Раҳимжонов олтин, Беҳрузбек Боймуродов кумуш, Музаффар Норматов ва Озодбек Орифжоновлар эса бронза медаллари соҳиби бўлишди.
– Мазкур халқаро мусобақада иштирок этиш мен учун катта тажриба ва руҳий ривожланиш имкони бўлди, – дейди университет магистранти Санжарбек Раҳимжонов. – Олтин медални қўлга киритиш – нафақат шахсий ютуғим, балки жамоамизнинг фаол ва биргаликдаги меҳнат самарасидир. Бундан кейин ҳам илмий изланишларимни кенгайтириб, халқаро майдонда юртимизнинг шарафини ҳимоя қилишни давом эттиришни мақсад қилганман.

Ушбу ғалаба нафақат ёш олимларни халқаро майдонда ўз иқтидорларини намоён этиш билан бирга, мамлакатимиз таълим ва фан тизимининг салоҳиятини намоён этишда муҳим босқич бўлди.
Гулистон давлат университети талабалари ҳам бу нуфузли мусобақада фаол иштирок этишиб, юртимизнинг илмий нуфузини халқаро майдонда янада юксалтиришга ўз ҳиссаларини қўшишди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири