Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олимпиада: Токиода чемпионларни нималар билан мукофотлашди?
18:20 / 2021-08-13

Саволнинг бундай қўйилиши таажжуб уйғотади кўпчиликда. Албатта, медаллар билан-да, -дейди улар жавобан. Тўғри ҳақсиз. Аммо бир лекини бор. Олимпиада медаллари қарийб 80 тонна турли электрон қурилмаларидан тайёрланганини ҳаммамиз ҳам билмаймиз-ку!

Маълум бўлишича, Япон маъмурлари бу “хом ашё”ни икки йил мобайнида бутун мамлакат бўйлаб йиғишган. Бундан ташқари, одамларнинг ўзлари 6 миллион донадан зиёд эски уяли телефонларини NTТ телекоммуникация оператори дўконларига келтириб текин топширибди. Шу тариқа, кунчиқар юртликлар давлатнинг қимматбаҳо металларини тежаб қолишга ҳисса қўшдилар. Ҳа, бу ҳақиқий японча ватанпарварлик.

Қисқаси, ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган электроника буюмларидан 32 килограмм олтин, 3,5 тонна кумуш ва 2,2 тонна бронзани ажратиб олишга муваффақ бўлинган.Улардан ҳар бирининг вазни 550 граммли 5 минг дона медаль ишлаб чиқарилган.

Ҳа, айтганча, бунгача Олимпия ўйинлари медаллари дизайни устида иш борди. Ўзини соҳа моҳирлари санаган 400 профессионал ижодкор бу борада ўз яратма асарларини танловга тақдим этди. Улар орасидан Жуниши Каваниши яратган турли пробали совринлар дизайни энг яхши, дея эътироф этилди.

Биламиз медаллар ўлчамлари ҳақидаги маълумот билан ҳам қизиқувчилар бор. Улар диаметри 85 миллиметр, қалинлиги эса 7,7 миллиметрдан 12,1 миллиметргача. Энди Олимпиада совринлари хусусида. Олтин медалларнинг соф кумушдан иборат асоси устига 6 грамм тилла суви юргизилган. Кумуш медалларга келсак, улар тўла -тўкис ана шу қимматбаҳо металнинг қуймаси. Бронза тусли соврин эса 95 фоиз мис ва 5 фоиз қўрғошин аралашмасидан иборат. 

Олимпия медаллари бир томонини юнонларнинг Афинадаги Олимпия «Панатинаикос» стадиони олдида мағрурона турган Ғалаба маъбудаси тасвири безаб турибди. Уларнинг иккинчи томонида “Токио 2020” ёзувига уйғун ҳолда Халқаро олимпия воқеалари анъанавий рамзи бўлиб қолган Олимпиада беш ҳалқаси тасвири бор.

Медалларнинг бўйинга иладиган тасмасини тайёрлашда анъанавий япон дизайнерлик услубларидан фойдаланилган. Дизайнда замонавий кимононинг катак гулли нақшлари ва азалдан урф бўлган усуллари билан уйғунлашган намуналари мужассам. Бу тасмада Японнинг ўзлигини ва Кунчиқар мамлакат Олимпиадасининг “Уйғунлашувдан Инновацияга” ва “Хилма -хиллик Бирлик”да концепцияси намоён бўлиб турибди.

Мақолага нуқта қўярканман, тунов куни Олимпиада якунлари, совринлар ҳақида сўз борган бир даврада нотаниш кишининг саволи бирданига эсимга тушди. “Ўзи олтин медалнинг ҳаммаси тилломи?”, деди. Жавоблар ҳар хил бўлди. Очиғи, ўзим ҳам кеча бу ҳақда ушбу мақоламга туртки бўлган интернетда рус тилида эълон қилинган материалдан муфассал хабардор бўлдим.

Олтин медаль таркибида 6 грамм тилла бор. Бировлар наздида бу оздек. Лекин гап олтину, унинг миқдори ҳақидами? Йўқ! Асло йўқ!!! Гап дуёнинг кучли спортчилари жамланган, жаҳоннинг эътиборини ўзига қаратган Олимпиадада эришилган Ғалаба ва унинг эътирофи Рамзи ҳақида бормоқда. Мамлакатимиз боксчиси Баҳодир Жалоловнинг финалда рақибини енгган пайтдаги кишини ларзага солувчи, хотирингизда муҳрланиб қолувчи ҳолатини эсланг. Кўзларида ёш, кучли ҳаяжон, ичдан отилиб чиққан жиловлаб бўлмас қудратли нидо. 

Олтин медалдан кўра кўпроқ, нигоҳи унга тикилган Ўзбекистон аталмиш юртнинг ишончини оқлагани, Эл Раҳбарига берган ваъдага вафо қилгани ҳақида ўйлади Баҳодир.У каби таэквондочи Улуғбек Рашитов, оғир атлетикачи Акбар Жўраев ҳам ғалабалари шарафига Давлатимиз байроғи мадҳияларимиз садолари остида баланд кўтарилганида қувончлари оламга сиғмади.

Олтин медаль шунчаки катта соврин эмас, у нафақат спортчи, балки унинг Мамлакатига ҳам кўрсатилган эътирофдир. Қолаверса, гувоҳ бўлганимиздек, Давлатимиз ҳам ўз қаҳрамон спортчиларини муносиб шарафлади.

Ҳа, Олтин медаль таркибида қанча тилло борлиги ҳақида ўйламанг. Тилоларга топиб бўлмас Юрт ва унинг шарафини улуғлаётган Олтинвой Ўғлонлар, ҳатто қўлга киритган Бронзаси билан кўплаб мамлакатлар вакилларини лол этган Алп юракли Мардларимиз борлигидан фахрланинг!

Эркин ЁДГОРОВ