Қарши давлат университетида умумтаълим мактаблари битирувчи синф ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган олимпиаданинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда кимё, биология ва физика фанларидан олимпиаданинг қуйи босқичларида 1-, 2- ва 3-ўринни эгаллаган жами 135 нафар умумтаълим мактаблари битирувчи синф ўқувчилари қатнашди.

– Президентимизнинг 2020 йил 12 августдаги “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ҳамда 2021 йил 19 мартдаги “Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорлари ижроси доираси ташкил этилган олимпиада ўқувчиларнинг келажак учун дадил қадам ташлашига мотивация бўлди, – дейди Қарши давлат университетининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Н.Холмирзаев. – Олимпиаданинг вилоят босқичида ҳар бир фандан энг юқори балл тўплаган 10 нафардан иштирокчига олий таълим муассасаси босқичида иштирок этиш ҳуқуқи берилди. 10 нафар иштирокчилар ичидан 1-, 2- ва 3-ўринни эгаллаган ўқувчилар Қарши давлат университетига шартнома асосида (шартнома тўловлари университет ҳисобидан амалга оширилади) ўқишга тавсия этилади.

Олимпиаданинг вилоят босқичи икки тур доирасида ташкил қилинди. Биринчи тур ёзма иш шаклида ўтказилиб, 5 та топшириқ берилди ва ҳар бир топшириқ жавоблари максимал 10 баллдан баҳоланди. Иккинчи тур амалий (лаборатория) иш шаклида ўтказилиб, битта топшириқ берилди ва максимал 50 балл билан баҳоланди. Жами 2 тур учун тўғри жавоблар максимал 100 баллни ташкил қилди. Олимпиаданинг университет босқичи 28 апрель куни бўлиб ўтади.
Ўлмас Баротов, ЎзА