Мамлакатимизда ёш авлодни жисмоний тарбия ва спорт воситасида ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизнинг турли ҳудудларидан халқаро майдонларда ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ёш чемпионларнинг етишиб чиқаётгани бунинг яққол тасдиғидир.
Таэквондо (WT) бўйича “Париж-2024” Олимпия ўйинларига йўлланма олган Жасур Жайсунов ана шундай ёшлардан бири. Жасур 7 ёшидан мазкур спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.

– Спорт машғулотларига қатнай бошлаган илк кунларим кечагидай эсимда, – дейди Ж.Жайсунов. – Биринчи устозим, Денис Чебикин менга таэквондо қоидаларини, усулларини ва зарбаларни қандай амалга оширишни ўргатган. Машғулотлардан чарчаган пайтим далда бўлган, тинимсиз машқ қилишга руҳлантирган. Ушбу спорт турига бўлган меҳримни янада оширган.

Жасур туман ва шаҳар биринчиликларида анча тобланди. Хато ва камчиликлар устида ишлади. Бунинг самарасида у 2015 йили илк маротаба мамлакат чемпиони бўлди ва ҳозирги кунда 8 карра Ўзбекистон чемпиони ҳисобланади. У дастлабки халқаро ютуқларига 2019 йилда эришди. Ёшлар ўртасида Иорданияда ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб бўлган таэквондочимиз Россияда ўтган халқаро турнирда олтин медални қўлга киритди. 2020 йил Истанбулда ўтказилган халқаро мусобақада кумуш медаль билан тақдирланди. Орадан бир йил ўтиб, Ливан давлати мезбонлик қилган Осиё чемпионатида бронза, «Beirut Open-2021» мусобақасида кумуш медалга эга чиқди.

2022 йил Жанубий Кореяда ўтказилган таэквондо бўйича қитъа биринчилигида Жасур Жайсунов 74 килограммгача вазн тоифасида покистонлик Иқбол Муҳаммад, мезбонлар вакили Чен Жун Веи, покистонлик Аҳмад Бахлул ва финалда эронлик Мирхашем Ҳусайнини мағлуб этди ва Осиё чемпионига айланди. Шунингдек, фаолияти давомида турли мамлакатларда ўтган «Катта дубулға» Гран-при мусобақаларида шоҳсупага кўтарилди
Ўтган йилги спорт мавсуми ҳам Жасур Жайсунов учун омадли ўтди. Спортчимиз Осиё чемпионати, «Катта дубулға» мусобақаси, Гран-При турнирида шоҳсупага кўтарилди.
Жорий йилда эса Хитойда ўтган таэквондо WТ бўйича «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинлари учун Осиё лицензион турнирида спортчимиз ўз вазн тоифасидаги баҳсларни муваффақиятли ўтказган ҳолда Олимпиада йўлланмасига эга чиқди.

Мамлакатимизнинг етакчи спортчилари қатори Жасур Жайсунов ҳам 2024 йилги ёзги Олимпия ўйинларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори бу жараённи замонавий талаблар асосида ташкил этишда дастуриламал бўлмоқда.
– Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳар бир спортчининг орзуси, – дейди Ж.Жайсунов. – Унда ғалаба қозониш эса ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун ҳар бир олимпиячига доимий эътибор, замонавий шарт-шароитда пухта тайёргарлик керак. Мамлакатимизда бу омилларнинг барчаси мавжудлиги бизни Олимп чўққисини забт этишга янада руҳлантиради.
Президентимизнинг 2024 йилги Олимпия ўйинларига тайёргарлик дастурига мувофиқ, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси минтақавий федерациялар фаолиятини кучайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, машғулот ва мусобақаларни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш учун шароит яратиш, маҳоратли спортчиларни саралаб бориш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари халқаро мусобақаларга тайёргарликнинг асосий қисмини ассоциация тасарруфидаги спорт базасида олиб бормоқда. Бу ерда таэквондочиларимиз машғулотлар давомида жисмоний, техник ва тактик тайёргарлик машқларида янада тобланмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, спортчиларимиз учун ҳар бир нуфузли мусобақалар олдидан халқаро ўқув-йиғин машғулотлари ҳам ассоциация томонидан ташкил этилаётир.
Таэквондочиларимизнинг юксак натижалари мамлакатимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси, истеъдод эгаларини маҳоратли спортчилар этиб тарбиялаш тизими тўғри йўлга қўйилганидан далолат.
Жасур Жайсунов ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Бош мураббий Павел Хан қўл остида маҳоратини оширмоқда. Доимо ўзига билдирилган ишончни оқлаш ҳаракатида. Спортчимиз янги-янги чўққиларни забт этишини, давлатимиз мадҳиясини кўп бор дунёга танитишини кутиб қоламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА