Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олимнинг китоби инглиз тилида чоп этилди
09:44 / 2024-12-12

Социология фанлари доктори, профессор Тошпўлат Матибаевнинг “Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси. Фуқаролик жамияти: Коррупция - ижтимоий хавф” номли китоби Дубайда инглиз тилида чоп этилди.

Маълумки, коррупция – тараққиёт кушандаси. Шу сабабдан ҳам бутун дунёда унга қарши жиддий кураш олиб борилади.   

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида юртимизда коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилган ва бу тизим ўтган йиллар давомида такомиллаштирилиб борилмоқда.  

Ушбу йўналишда 2017 йил Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Президентимизнинг коррупцияга қарши муросасиз курашиш, жамиятда ҳалоллик ва ҳаққонийлик, адолат тамойилларининг устуворлигини таъминлаш борасидаги илғор ташаббуслари халқаро жамоатчилик ва мамлакатимизда юртдошларимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.  

Айни пайтда бу йўналишда тегишли фармон ва қарорлар, давлат дастурлари қабул қилиниб, ҳаётга изчил жорий этилаётгани кутилган ижобий натижаларни бермоқда.  

Социология фанлари доктори, профессор Тошпўлат Матибаевнинг “Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси. Фуқаролик жамияти: Коррупция - ижтимоий хавф” номли китобида ана шу муҳим омиллар ҳақида кенг ва атрофлича сўз боради.  

Муаллиф жамиятимиздаги янгиланиш жараёнлари, фаол ўзгаришлар кечаётган  янги муҳитда босқичма-босқич амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва давр талаблари асосида рўй бераётган мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнларни имкон қадар чуқур, асосли ва тушунарли тилда ёритишга интилган.  

Энг асосийси, янги асарда Тараққиёт стратегиясида белгиланган коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга доир муҳим вазифаларнинг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича эътибор қаратилган.  

Шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтириш, бу борадаги тадбирларнинг натижадорлигини таъминлашда давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ижтимоий ҳамкорлик борасидаги тегишли фармон ва шарҳлар кенг таҳлил ва талқин этилган.  

Хулоса тарзида айтганда, таниқли олим ва публицист Тошпўлат Матибаевнинг ушбу китобида Ўзбекистоннинг ўз олдига қўйган бош мақсади – инсон манфаати, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу ғоя мужассам эканини илмий-назарий асосда, ишонарли тарзда очиб берилган. Мазкур асарда коррупциянинг ижтимоий хавф сифатидаги кўриниши, жамиятда коррупция иллатининг келиб чиқиш сабаблари, илдизлари, унга қарши курашда кенг жамоатчиликнинг роли хақида кенг ва атрофлича фикр юритилган. 

Н.Усмонова,  

ЎзА