English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олимлар Қуёш портлаши эҳтимоли қай даражада эканига баҳо берди
14:24 / 2020-12-09

Сўнгги пайтлар Қуёш фаоллигининг янги даври бошланаётгани ҳақида хабарлар тарқай бошлади.

Хўш, Қуёш портлаб кетиши мумкинми? Бу саволга Россия фанлар академияси Коинотни тадқиқ қилиш институти директори Анатолий Петрукович “РИА Новости”га берган интервьюсида жавоб берди.  

Портлаш эҳтимоли жуда оз, чунки Қуёш ҳаракати мунтазам назоратда, дейди олим.

Унинг таъкидлашича, "бундай эҳтимол жуда оз. Термоядро реактори сифатида Қуёш ҳолати мунтазам равишда ҳисоблаб борилади ва текширилади".

Шу билан бирга, олимнинг қўшимча қилишича, масалан, қўшни юлдузлардан бирининг портлаши Қуёшга ҳалокатли даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Қуёш турган жой галактиканинг энг тинч қисми ҳисобланади. Назарий жиҳатдан портлаши мумкин бўлган бизга энг яқин юлдуз ҳам ўнлаб ёруғлик йили нарида жойлашган. Бундай мовий гигант жимслар ривожланишнинг шундай босқичида-ки, портлашига ҳали жуда узоқ вақт керак бўларкан.

Қуёшга таъсир кўрсатадиган бошқа механизмни кўз олдимизга келтириш жуда мушкул, шу боис бошқа ҳар қандай башорат илмий тафаккурга асосланмайди.

Олимнинг айтишича, Қуёш ҳозирча ўз ҳаётининг ярмини яшади ва юзлаб миллион йиллардан кейингина қизиб кетиб, Ерга хавф сола бошлайди.

"Бизнинг юлдузимиз “туғилганда” ҳозиргидан анча совуқ эди. Вақт ўтган сайин қизиб бораётган юлдузнинг нур сочиш оқими ортмоқда. Замонавий тушунча билан изоҳлаганда, Қуёш сайёрамизга юз миллионлаб йиллардан кейингина таҳдид сола бошлайди. Яъни ўшандагина офтоб таралаётган нур оқими Ердаги иқлим учун кўплик қилади", — дейди мутахассис.

Инсониятда ушбу муаммони ҳал этиш, масалан, атмосферани бошқариш ёки Ерни тарк  этиб, бошқа сайёрага учиб ўтиш учун етарли вақт бор.

Қуёш пайдо бўлганига тахминан 4,5 миллиард йил бўлди ва яна шунча вақт айни ҳолатда туради.  

“Бу юлдузлар ҳаётининг оддий жараёни. Қуёш умрининг охирги босқичига етганда қизил гигантга айланади, кенгаяди ва эҳтимол, Ерни ютиб юбориши ҳам мумкин”, дейди коинотшунос олим.

Фаоллик мавзусига тўхталаркан, олим яқин ўн йилда Қуёш фаоллиги жуда паст бўлиши ҳамда магнит бўрони сони камайишини таъкидлади.

"Навбатдаги қуёшли давр шу ойдан бошланади. Олимлар умумий фикрича, биз Қуёш фаоллигининг паст даврига кирдик. Табиийки, магнит бўрони ҳам нисбатан кам учрайди". Магнит бўрони қуёш фаоллиги пасайган даврда Ерга кам зиён етказади, бироқ галактик коинот нурланиши ошади. "Бу Ер учун унчалик муҳим бўлмаса-да, сайёралараро парвоз учун сезиларли зарар етказади", - дея изоҳ берди олим.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА