Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олимлар ҳаётида биз учун гўзал ибратлар бор
11:10 / 2022-09-12

УСТОЗГА ЭҲТИРОМ

Бу оламда муаллим каби ўзгани камолга етказишга тайёр бўлган фидойи касб эгалари кам топилади. Тан олайлик, ҳеч бир киши шогирдининг бахт-саодати ва толеидан устози каби хурсанд бўлмайди, қалби қувончга тўлмайди. Қайси бир ҳукмдор ҳақида гап кетса, устозини сўрашган ва устозига қараб ҳукмдорга бўлган муносабат ҳам турлича бўлган. Жумладан, Искандар Зулқарнайн тарихини тадқиқ қилган олимлар унинг устози Арастунинг илмини, тарихини ўрганишга ҳам эҳтиёж сезади.

Эътибор берайлик, олимларимиз ҳаётларида биз учун нақадар гўзал ибратлар мавжуд. Юксак мақомга етиб, ўзининг илм ҳалқасига эга бўлган олим устозининг фарзандини кўрганда ҳам мураббийга ҳурмат сифатида ўринларидан туришганлиги ҳақида ҳикоятлар бор.

Демак, устозларни ҳурмат, эҳтиром қилиш азал-азалдан бизларга мерос бўлиб келган тушунчадир. Яна бир бор тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Амир Темур сингари соҳибқирон ҳам ўз устози Саййид Баракани ҳамиша эҳтиром билан қадрлаган. Ўз ўрнида Амир Темурнинг юксак ғалабаларига устозининг дуолари сабаб бўлган.

Шарқда бу анъана ўзига хос бўлгани учун ҳам «Устоз отангдек улуғ», деган нақл бежиз айтилмаган. Жумладан, мамлакатимиз ҳуқуқшунослик илмий мактабининг фидойиларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ҳалимбой Бобоев ҳам ана шундай эҳтиромга лойиқ инсон. Устоз 1942 йилда Тожикистон Республикасида туғилган. 1970 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган.

Бу инсон меҳнат фаолиятини 1959 йилда 704-сонли «Ўзгидроэнергияқурилиш» трестининг дурадгорлигидан, «Ўзбекметаллургия» заводининг ходими вазифаларида ишлаган. Ҳуқуқшунослик илмига бўлган қизиқиши кейинчалик уни Тошкент давлат университетининг юридик факультети лаборанти, «Давлат ва ҳуқуқ назарияси» кафедраси аспиранти, кафедра ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, 1978-1980 йилларда Юридик факультети хорижлик талабалар билан ишлаш бўйича декани, 1980-1982 йилларда Малака ошириш курси декани, «Давлат ва ҳуқуқ назарияси» кафедраси доценти, 1988-1989 йилларда
Юридик факультети кундузги бўлим декани муовини, 1991-1992 йилларда Тошкент давлат юридик институтида кечки ва сиртқи бўлимлар бўйича проректор, 1992-1995 йилларда «Давлат ва ҳуқуқ назарияси» кафедраси мудири бўлиш каби масъулиятли йўллардан олиб ўтди. 1995 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академиясининг проректори, 1995-2001 йилларда Тошкент давлат юридик институти ректори даражасигача бўлган йўлларни босиб ўтди. 2001-2010 йилларда «Давлат ва ҳуқуқ тарихи» кафедраси профессори, кафедра мудири, профессори лавозимларида ишлаб келган фахрий устоздир.

2019 йилдан Тошкент давлат юридик университетининг «Давлат ва ҳуқуқ назарияси» кафедраси профессори ва Тошкент давлат юридик университети Фахрийлар кенгаши раиси лавозимларида фаолият кўрсатмоқдалар.

Ҳалим Бобоевнинг ҳаёт йўлига қарасак, унинг ҳар бир дақиқаси мазмунли ва унумли ўтганининг гувоҳи бўламиз. Жумладан, узоқ илмий изланишлари натижасида «Давлат ва ҳуқуқ назарияси», «Сиёсий ҳуқуқий таълимотлар тарихи», «Давлат ва ҳуқуқ тарихи» дарсликлари, «Амир Темур ва темурийлар салтанати», «Қиссаи Темур», «Ўзбек давлатчилиги тарихи» III жилдлик монографиялари, «Тузуки Темурий», «Миллий истиқлол мафкураси ва тараққиёт», «Куч-қудрат адолатдадир», «Ўзбекистонда сиёсий ва маънавий-маърифий таълимотлар тараққиёти», «Авесто – Шарқ халқларининг бебаҳо ёдгорлиги» каби қатор асарлари яратилди ҳамда бу асарлар бўлажак ҳуқуқшунослар, олимлар томонидан ўрганилмоқда.

Устоз илмий раҳбарлигида 40 дан ортиқ магистрлик, 20 дан ортиқ номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинган. Бу шогирдлар ҳозирги кунда ҳуқуқшунослик йўналишининг турли соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Болалиги уруш йилларига тўғри келган, бир бурда нон қадрини ҳис қилган устоз Ўзбекистон Конституцияси муаллифларидан биридир. Қолаверса, Ҳалим Бобоев Олий Мажлис депутати сифатида ўз овозига, сўзига эга бўлган шахсдир.

Домла «Сиёсий-ҳуқуқий таълимотлар тарихи», «Ўзбек давлатчилиги тарихи», «Давлат ва ҳуқуқ тарихи» фанлари мактабини яратган фидоий олимлардан биридир.

Устоз Алишер Навоийнинг сиёсий ва ҳуқуқий қарашларини собиқ совет давридаёқ ҳуқуқшунослик нуқтаи назаридан ўрганган ва таҳлил этиб, илмий тадқиқот олиб борганининг ўзи ватанпарварлигининг намунасидир. Шогирдлари томонидан ўзбек хонликларида давлат ва ҳуқуқ масалалари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари, Ҳуқуқий давлат тамойили ва ғояларининг тадқиқ этилишида Навоий орзуларининг илмий ва амалий, мантиқий хусусиятлари ҳамиша устоз диққат эътиборида бўлди.

Ҳалим Бобоевдек олийжаноб устозлар бугунги кунда ҳам Ўзбекистоннинг фахри ва ғуруридир.

«Сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлари тарихи» фани узоқ йиллар юристларга ўқитилган ҳамда Ҳалим Бобоев томонидан дарслик ва қўлланмалар яратилган. Бугунги кунда республикамизда юридик фанларнинг, хусусан «Давлат ва ҳуқуқ тарихи» фанининг равнақ топаётганлиги ва бўлажак юрист талабаларда биринчи курсданоқ энг қадимги ёзма манба «Авесто»да белгиланган одил судлов, эзгулик, адолат ва ҳақиқат тамойилидан дарс ўтилишида Ҳалим Бобоевнинг ўрни ўзгача жозиба ва фахр, ғурур ва ифтихор беришини ҳамиша аудиториядаги ёниб турган кўзларда кўринади. Дарҳақиқат, устозларга энг яхши таърифни қалам аҳли берган.

Муаллим ҳақида сўзим ушбудир,
Муаллим камолот ичра кўзгудир.

Донишмандлар айтганларидек: «Элни маърифат асрайди». Маърифатпарвар Абдулла Авлоний ҳам бу борада: «Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир,” деб бежиз айтмаган.

Демак, устозларнинг зиммасига жуда ҳам буюк, масъулиятли вазифа юкланган. Бу ҳам бўлса, келажаги буюк давлат учун комил, ҳар томонлама етук ва баркамол, маънан ва ахлоқан пок, ватанпарвар инсонларни тарбиялаш.

Дарҳақиқат, ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек,

Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

 

Феруза Муҳиддинова,

Юридик фанлар доктори, профессор