Гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар бўйича глобал тадқиқотлар натижасига кўра, австралияликлар дунёдаги энг кўп спиртли ичимлик истеъмол қиладиган халқ бўлиб чиқди.
Маърузада айтилишича, Австралия аҳолиси ушбу заҳри қотилни бошқа мамлакатлар фуқароларига қараганда кўп истеъмол қилар экан. Улар бир йилда ўртача 27 маротаба кўп ичиб маст бўлиб қолган. Бу дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан (15 маротаба) қарийб икки баробар кўп. Кўп ичиш борасида етакчилар учлигидан Дания ва Финляндия жой эгаллади. Тадқиқотлар натижасида яна бир факт аниқландики, барча мамлакатларда эркаклар аёллардан кўп ичади. Бу борада аёллар билан эркаклар орасидаги энг катта фарқ италияликлар, бельгияликлар ва швейцарияликлар орасида қайд этилди.
Бундан ташқари, австралияликлар алкоголни ҳафтасига ўртача икки маротаба ёки бир йилда 106 марта истеъмол қилади. Бу борада иккинчи ва учинчи ўринларни тегишлича, Янги Зеландия ва Нидерландия эгаллади.