Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олима, мураббий, маънавиятнинг фаол тарғиботчиси
11:50 / 2025-06-19

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова таваллудининг 75 йиллигига бағишланган “Умрим фалсафаси” деб номланган адабий-маърифий кеча ўтказилди.

Ушбу тадбир доирасида олиманинг “Ҳаёт фалсафасидан биринчи томчи”, “Ҳаётим зарварақлари: Ҳаётим фалсафасидан иккинчи томчи”, “Aфоризм” ва “Халқ севган шарафли инсон” китоблари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Адабий тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо бугунги кунда янгиланиб бораётган Ўзбекистонимизда ёшларни она-Ватанга муҳаббат ва садоқат, фидойилик ғоялари асосида тарбиялашда катта авлод вакилларининг бой тажрибаси, ташаббускорлиги, заҳматкашлиги, юртпарварлиги муҳим омил бўлаётганини эътироф этди.

Устоз, маънавиятимизнинг фаол тарғиботчиси Жамила Шермуҳаммедова маҳаллалар, ҳарбий қисмлар, таълим масканларидаги жонли мулоқотлар, учрашувларнинг энг фаол иштирокчиси. Жамила опа мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказишда доим жонбозлик кўрсатиб келади. У узоқ йиллар давомида фалсафа фани бўйича бир қатор илмий изланишлар олиб борган.  

Жамила Шермуҳаммедова 1950 йил 18 июнь куни Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида зиёлилар оиласида туғилган.  

1966-1971 йилларда Тошкент давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг фалсафа факультетида таҳсил олган. 2004-2016 йилларда Ўзбекистон Миллий университети фалсафа факультети профессори бўлган.  

Жамила Шермуҳаммедова 2000-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқшунос аёллар жамоат бирлашмасининг ижрочи директори, 2000-2015 йилларда Тошкент шаҳар Ишбилармон ва тадбиркор аёллар жамоат бирлашмаси маслаҳатчиси, 2005-2011 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси эксперти вазифасида фаолият кўрсатган.  

2017 йилдан Республика Маънавият ва маърифат маркази ходими. Шунингдек, Тадбиркор аёллар уюшмаси аъзоси ва маслаҳатчиси (1991 йилдан), Ўзбекистон Республикаси ишбилармон аёллар уюшмаси фахрий маслаҳатчиси (1995 йилдан) бўлган.  

Тадбирда Жамила Шермуҳаммедова фаолияти, унинг янги китоблари хусусида батафсил сўз юритилди.  

Н.Усмонова,

ЎзА