Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида “Замонавий илм-фан тараққиётида олима аёлларнинг ўрни” мавзуига бағишланган форум бўлиб ўтди.
Олима аёллар, профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирок этган тадбирда Сурхондарё вилояти оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зулхумор Хидирова, университет ректори Расул Тўраев ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда жамиятимиз гултожларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда хотин-қизлар таълимига қаратилаётган эътибор ва замонавий илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган аёллар меҳнатини қадрлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар хусусида фикр алмашди.


– Илмий-тадқиқот ишларини оила юмушлари, фарзанд тарбияси билан бирга олиб бораётган опа-сингилларимизнинг изланишларини ҳамиша юксак қадрлаймиз, – деди З.Хидирова. – Бу иш бежиз игна билан қудуқ қазишга баробар, дея қиёсланмаган. Ана шундай мураккаб вазифани зиммангизга олиб, турли соҳаларда илмий янгилик яратаётганингиз, жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётганингиз билан фахрланамиз.


Форумда олима аёлларнинг илм-фандаги ўрни, хотин-қизларнинг инновацион фаолияти, замонавий технологияларни эгаллаш имкониятлари ва вилоятни юксалтиришдаги ҳиссаси, илм-фан соҳасида изланиш олиб бораётган аёллар нуфузини янада ошириш ва қизларни илмий изланишларга кенг жалб этиш каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Тадбир якунида бир гуруҳ олима аёллар ва фаол талабалар рағбатлантирилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири