Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олима аёллар форуми
15:18 / 2022-06-03

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети «Фан ва техника тараққиётида хотин-қизларнинг ўрни» мавзусидаги хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди.

Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.  

Илм-фан соҳасида изланаётган опа-сингилларимизнинг ушбу форумда фан ва техниканинг турли йўналишларида илмий-тадқиқот ишлари олиб бораётган олима, докторант, магистрант ва талаба хотин-қизлар томонидан амалга оширилаётган илмий-амалий ва инновацион лойиҳаларнинг натижалари муҳокама қилинди. 

Тадқиқотчи олима аёллар зиммасидаги масъулиятли вазифалар белгилаб олинди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Шаҳлохон Турдиқулова ва бошқалар мамлакатимизда илм-фан соҳасида изланаётган хотин-қизлар фаолиятига эътиборни кучайтириш устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади. 

Дарҳақиқат, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.  

Мамлакатимизда аёллар таълимига алоҳида эътибор берилаётгани боис ўтган йили олий ўқув юртларига қабул қилинган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. 

Мамлакатимизда илмий изланиш ва кашфиётлари билан юртимиз равнақига катта ҳисса қўшиб келаётган олима аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш долзарбдир. Сир эмаски, бугунги кунда опа-сингилларимиз орасида академиклар ва минглаб профессорлар, фан докторлари ва фан номзодлари, истеъдодли тадқиқотчилар бор.  

Форумдан мақсад хотин-қизлар илмий-тадқиқот ишларининг натижаларини муҳокама қилиш, олималарнинг янги техника, технология ва рақобатбардош маҳсулотларни яратиш ва ҳаётга татбиқ этишларини қўллаб-қувватлаш, илмий, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдан иборат. 

Шу билан бирга, аёлларнинг оиласи ва жамиятда ҳамда илмий-ижодий фаолиятида эришаётган ютуқларини ибрат сифатида кўрсатиш орқали қизларни илмли бўлишга ундаш, замонавий касбларни эгаллашга тарғиб қилиш каби мақсадларни ҳам ушбу анжуман кўзлагани билан аҳамиятли. 

– Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг ярмини хотин-қизлар ташкил этади, – деди Бош вазирнинг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова. – Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенглик масалалари бўйича кенг қамровли ишлар олиб бориш, олий маълумотли хотин-қизлар сафини кенгайтириш, янги авлод олималарини тайёрлашга доир ишларни янги босқичга олиб чиқиш муҳим. 

– Кашфиётчи, тадқиқотчи хотин-қизларни доимий қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишларини кенг тарғиб этиш, жамоатчиликка яқиндан кўмаклашиш бўйича тизимли иш олиб борилмоқда, – деди Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси «Хотин-қизлар ўртасида илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш» бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Ихтирочи аёллари маркази раҳбари, техника фанлари доктори, профессор Карима Норқулова.  

– Кўпинча ёш тадқиқотчи аёл-қизлар тортинчоқлик сабаблими ёки оилавий шароити туфайлими, илмий изланишни бироз ортга сургандек бўлади. Турли анжуманлар, илмий-маърифий ҳафталиклар, “INNOWOMENWEEK”, "TECHNOWOMEN.UZ-2022» аёлларни тобора кўпроқ илмга жалб этиш, уларнинг изланишларини қўллаб-қувватлаш имконини бермоқда.  

Форумда мамлакатимизда олима аёллар сафини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, биотехнологиянинг долзарб муаммолари, техник регламент-маҳсулот, хизматлар ва мол-мулк хавфсизлигини таъминлаш воситаси, маҳаллий доривор ўсимликлар асосида янги дори шаклларининг технологиясини ишлаб чиқиш ва бошқа кўплаб мавзуларда маърузалар муҳокама этилди. Маърузалар махсус тўплам ҳолида нашр этилиши кўзда тутилмоқда.  

Энг самарали тадқиқотлар муаллифларига форумнинг махсус сертификати топширилди. 

Назокат Усмонова, ЎзА