Давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ, мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги байрами арафасида фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳи давлат мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Улар қаторида Фарғона давлат университетининг ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори Шарифа Искандарова ҳам бор. Ўзбек тилининг ривожига катта ҳисса қўшиб келаётган олима “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонига сазовор бўлди.
Хушхабарнинг қаноти бор дейишади. Опанинг хонадони маҳалла –куй, қариндошлар, шогирдлари ҳамда университет жамоаси билан гавжум бўлиб, юксак мукофот билан қутлашди.
–Шарифа Искандарова каби камтар, илмсевар олима аёлларимизни ҳар қанча эъзозласак, қадрласак, эҳтиром кўрсатсак арзийди, – дейди Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов. – Зеро, улар муносиблар ичра муносиб ва ўзлари таратаётган зиё каби бебаҳодир. Бугун бу кучли салоҳият эгаси бўлган олимамиз изидан юзлаб шогирдлар етишиб чиқмоқдаки, келгусида ўзбек тилшунослиги бўйича Фарғона мактабини бутун жаҳон таний бошлайди.

Марғилон фарзанди Ш. Искандарова илк фаолиятини мактабдан бошлаган. Умумтаълим босқичида пухта тажриба орттирган опа 1990 йилдан Фарғона давлат университетининг филология факультетида ишлай бошлади. Бу йилларда ўзбек тилшунослиги ҳамда тилшунослик кафедраларида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, профессор, кафедра мудири лавозимларида меҳнат қилиб, жамоа орасида юксак ҳурмат ва эътибор қозонди. Умрини тилшунослик илмига бахш этган бу олимани ҳозирда бутун Республика тилшунослари энг кучли олима сифатида яхши танийди.
Ш.Искандарова ўзбек тилшунослиги, тилга систем-структур асосда ёндашув билан боғлиқ янги йўналишнинг ривожи, давлат тилининг ижтимоий-маънавий ҳаётдаги мавқеини оширишга, маънавий меросимизни тарғиб қилишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. У тилнинг тизимли табиати, тилшуносликда майдон назарияси бўйича қатор тадқиқотлар муаллифи сифатида республика илмий жамоатчилиги ўртасида муносиб мавқега эга. Ўнлаб шогирдлари ўзбек тилшунослиги бўйича диссертацияларни муваффақиятли ҳимоя қилган. Олиманинг меҳнатлари эътироф этилиб, 2006 йилда “Шуҳрат” медали, 2012 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
М. Сулаймонов, ЎзА