French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўлим жазосини тақиқлаш Конституциявий қонун лойиҳасида акс этмоқда
15:48 / 2022-06-23

Аввал хабар берганимиздек, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда муҳокама қилинмоқда.

 “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши кун тартибидаги асосий масала ҳам ушбу қонун лойиҳаси бўлди.   

Муҳокамаларда сўз олган фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳаси асосан халқимиз томонидан билдирилган таклифлар асосида тайёрланганини,  Конституциянинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритиш кўзда тутилаётганини, бу эса барча соҳада олиб борилаётган жадал ислоҳотларнинг бардавомийлигини таъминлашини қайд этдилар. 

Қонун лойиҳасида Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлат эканлиги белгилаб қўйилмоқда. Шу билан бирга, “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, унга риоя этиш, уни ҳимоя қилиш ҳамда кафолатлаш жамият ва давлатнинг бурчи”, “инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади” эканлиги белгиланмоқда. 

Фракция аъзолари инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини кафолатлаш янада кучайтирилаётганини эътироф этган ҳолда ўлим жазоси тақиқланаётгани, ушлаб туришга, ҳибсга олишга ва ҳибсда сақлашга ёки эркинликни бошқача тарзда чеклашга фақат суднинг қарорига биноан йўл қўйилиши кабилар мустаҳкамланаётганига алоҳида эътибор қаратдилар.

Шунингдек, шахснинг судлаганлиги унинг қариндошлари учун ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас ва уларнинг ҳуқуқларини чекловчи ҳуқуқий оқибатларга йўл қўйилмаслиги конституциявий қонун лойиҳаси билан мустаҳкамланаётганини юқори баҳоладилар. Депутатларнинг фикрича,  мазкур нормалар инсон қадр-қимматини, шаънини ҳимоя қилишга, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ва мустаҳкам таъминлашга хизмат қилади.  

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида фуқароларнинг малакали тиббий хизмат кўрсатилишига, соғлом табиий муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлашнинг конституциявий механизмларини янада кучайтириш назарда тутилмоқда. Бу эса инсон саломатлигига, миллат ҳаётининг давомийлигини таъминлашга, унинг генофондини сақлашга хизмат қилади. 

Йиғилишда фракция аъзолари томонидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилиб, Конституциявий қонун лойиҳаси бир овоздан қўллаб-қувватланди ва унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш, тарғиб қилиш ҳамда қўшимча таклифларни ўрганиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА