Бугун ҳаётимизни электр энергиясиз тасаввур қила олмаймиз. Лекин ушбу манба қанча машаққатлар эвазига ишлаб чиқарилишини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Шундай иссиқ кунларда электр энергиясини ишлаб чиқараётган иншоотлар фаолияти билан танишган инсонгина бу тизимда ишлаётган жамоанинг қанчалар фидойи эканига амин бўлади.
Айтиш жоизки, электр энергияни ишлаб чиқаришда "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамияти корхоналарининг алоҳида ўрни бор. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган электр манбанинг умумий ҳиссаси қарийб 85 фоизни ташкил этади. Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги “Таллимаржон ИЭС” акциядорлик жамияти ҳам улардан бири. Бу ерда иккита буғ-газ қурилмасининг ишга туширилгани корхона фаолияти самарадорлигига ижобий таъсир қилди.
ЎзА мухбири ”Таллимаржон ИЭС” акциядорлик жамияти бош директори Олим ЮСУПОВ билан корхона фаолияти ва бу ерда татбиқ этилган инвестицион лойиҳалар ва келгуси режалар хусусида суҳбатлашди.
– “Таллимаржон ИЭС” акциядорлик жамиятида учта энергоблок мавжуд, – деди Олим Юсупов. – Мазкур станция қуввати 1700 мегаваттдир. 1-сонли 800 МВтли энергоблок 2004 йил ноябрда ишга туширилган. 2017 йилнинг февраль ойида эса 2 ва 3-энергоблоклар тўлиқ қувват билан электр энергиясини ишлаб чиқара бошлаган.
1-энергоблок ҳақида тўхталадиган бўлсак, у Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Ушбу қурилма ускуналари Россияда ишлаб чиқарилган. Бу ерда 1 киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун 313,58 грамм шартли ёқилғи сарфланади.
2 ва 3-энергоблоклар Жанубий Кореянинг “Hyundai Engineering and Construction” ва “Daewoo International Corporation” компаниялари консорциуми томонидан қуриб фойдаланишга топширилган. Ушбу замонавий қурилмаларнинг ёқилғи сарфи, яъни 1 киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун 220-221 граммни ташкил этади.
Эътиборли жиҳати, мазкур қурилмалар бир қанча афзалликларга эга. Лойиҳа доирасида 124 янги ишчи ўрни яратилди. Она табиатга чиқарилаётган зарарли газларни йилига 3,1 мартага камайтиришга эришилди. Шунингдек, бу энергоблоклар туфайли станциянинг электр энергияси ишлаб чиқариш йиллик қуввати 7,2 миллиард киловатт соатга ортди. Йилига истеъмолчиларга қарийб 11,4 миллиард киловатт соат электр энергияси етказиб бериш имкони пайдо бўлди.
Ўз навбатида, бу ускуналарнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида 2017-2020 йилларда 1,9 миллиард метр куб (умумий суммаси 118 миллион АҚШ доллари) табиий газ иқтисод қилинди. Бунда сифатли электр энергияси ишлаб чиқариш баробарида маҳсулот таннархи пасайишига эришилди.
– Умуман, иссиқлик электр станциялари фаолиятида замонавий ускуналар муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода корхонада яна қандай инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда?
– Албатта, корхонамиздаги ишлар самарадорлигини оширишда янгиликларга интилиш катта самара беради. Президентимизнинг 2018 йил 1 августдаги “Таллимаржон иссиқлик электр станциясини умумий қуввати 900 МВт.дан кам бўлмаган навбатдаги икки дона буғ-газ қурилмаларини қуриш билан кенгайтириш инвестицион лойиҳани амалга оширишда бирламчи чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши корхонамизда янги қувватларни жорий этишда навбатдаги муҳим қадам бўлди.
2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасини 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2020 йил 18 декабрдаги “Таллимаржон иссиқлик электр станциясини умумий қуввати 900 МВтдан кам бўлмаган навбатдаги иккита буғ-газ қурилмаларини қуриш билан кенгайтириш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросида станцияни кенгайтириш бўйича йирик инвестицион лойиҳани амалга ошириш бўйича бир қатор компаниялар билан ҳамкорлик қилинмоқда.
– Режадаги лойиҳанинг умумий қиймати қанча ва у қайси ташкилотлар маблағи ҳисобига амалга оширилади?
– Лойиҳанининг умумий қиймати тасдиқланган техник-иқтисодий асосга кўра, 944,87 миллион АҚШ долларига тенгдир. Унинг 450 миллион АҚШ доллари Осиё тараққиёт банки, 237,6 миллион АҚШ доллари Европа тикланиш ва тараққиёт банки, 94,3 миллион АҚШ доллари Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобига тўғри келади. Унда Ўзбекистон Республикаси давлат улуши 115,9 миллион АҚШ долларни ташкил этса, ўз маблағлари 47 миллион АҚШ доллардир.
Ҳозирги кунда Осиё тараққиёт банкининг талабларига мувофиқ, халқаро тендер савдолари ўтказилмоқда. Унга 31 та компания қизиқиш билдирди. Улардан 6 та компания тендерда қатнашиш учун ўз таклифини берди. Таклифлар техник ва молиявий жиҳатдан баҳоланади. Ҳозир техник баҳолаш амалга оширилмоқда. Режага асосан жорий йилнинг ноябрь ойида тендер якуни маълум қилинади.
Демак, янги инвестиция лойиҳаси бўйича 4 ва 5-энергоблоклар ишга туширилгач, станциянинг умумий ишлаб чиқариш қуввати камида 2600 мегаваттни ташкил қилади. Бунда йилига қўшимча 7,2 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа техник асосларига асосан йилига 520 миллион метр куб (умумий суммаси 32,3 миллион АҚШ доллари) табиий газ иқтисод қилинади.
– “Таллимаржон ИЭС” АЖга қарашли 500 кВтли очиқ тақсимлаш қурилмаси қуриш инвестицион лойиҳаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Ушбу очиқ тақсимлаш қурилмасининг асосий вазифалари нимадан иборат?
– “Таллимаржон ИЭС” АЖ га қарашли 500 кВтли очиқ тақсимлаш қурилмаси қуриш инвестицион лойиҳасини амалга оширишдан кўзланган мақсад мамлакатимиз энергия тизимининг жануби-ғарбий ва жанубий қисмларини электр таъминоти билан таъминлаш, жануби-ғарбий минтақада янги фойдаланишга топширилган истеъмолчиларни сифатли энергия билан таъминлаш ва электр энергиясини етказиб бериш пайтида йўқотишларни камайтиришдан иборат.
Бугунги кунда корхона томонидан ишлаб чиқарилган электр энергия трансформаторлар орқали линиялар бўйича мазкур очиқ тақсимлаш қурилмасига узатилмоқда. Бу ердан эса электр энергия ҳудудларга тақсимланади. Яъни Таллимаржон – Ғузор, Таллимаржон – Қорақўл ва Таллимаржон – Сўғдиёна линиялари орқали Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидаги халқ хўжалиги объектлари ва аҳоли электр энергия билан таъминланади.
Лойиҳа қурилиши ҳақида тўхталадиган бўлсак, у 2013 йил декабрда ишга туширилган. Унинг умумий қиймати 188,496 миллион АҚШ долларини ташкил этади. 500 кВтли очиқ тақсимлаш ҳаво линиясининг умумий узунлиги 217,6 километр бўлиб, унинг 87,0 километри Самарқанд вилояти ва 130,6 километри эса Қашқадарё вилояти ҳудудига тўғри келади.
– “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан сиз етакчилик қилаётган ушбу корхонага пресс-тур уюштирилди. Бир гуруҳ журналистлар ва блогерлар “Таллимаржон ИЭС” акциядорлик жамияти фаолияти билан яқиндан танишди. Назаримизда бу каби тадбирлар ҳар икки томон учун фойдали. Бу ҳақда фикрингиз қандай?
– Аввало, бугунги кунда журналистлар учун электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиш жуда муҳим. Чунки бу ердаги фаолият билан танишиб, ишчи-мутахассислар билан мулоқот қилади ва барпо этилган йирик иншоотлар ҳақида янада кенгроқ тасаввурга эга бўлади. Бу ерда кўргани ва кузатганини қаламга туширади. Муҳими, журналистнинг электр энергиясини ишлаб чиқаришга бўлган тасаввури пайдо бўлиб, бу манбанинг яралишида катта машаққатли меҳнат борлигини англайди.
Шу маънода, жорий йилнинг 3-4 июнь кунлари корхонамизга ташкил этилган пресс-тур иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Мазкур тадбир орқали халқимиз корхонамизда амалга оширилаётган янгиликлар билан танишишга муваффақ бўлади.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди.