Олим Исаев: пандемия шароитида яшаш ва ишлаш кўникмасини шакллантиришимиз керак
Наманган шаҳар ҳокими Олим Исаев оммавий ахборот воситалари брифинг ўтказди.
Наманган шаҳар ҳокими Олим Исаев оммавий ахборот воситалари брифинг ўтказди.
Бугунги карантин шароити талабларига тўла риоя қилинган холда, очиқ ҳавода ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қарорларининг мазмун-моҳияти, Наманган шаҳрида мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида батафсил маълумот берилди.
Брифингда, хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 15 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида», 22 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, бюджет, базавий инфратузилма ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ташқи ёрдам маблағларини жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хом ашё экспортини вақтинча чеклаш тўғрисида»ги Қарори асосида Наманган шаҳрида олиб борилаётган ишлар ва шаҳар ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг бугунги кўрсаткичлари таҳлил қилиб берилди.
- Биз бугун пандемия шароитида яшаш ва ишлаш кўникмасини шакллантиришимиз керак, - деди О.Исаев. - Чунки, ҳаёт давом этмоқда, уни битта корхона каби тўхтатиб қўйиб бўлмайди. Агар иқтисодиётимизни бугунги шарт-шароитга мослаган ҳолда барқарорлигини таъминламасак, эртага коронавирусга қўшимча бошқа кўплаб муаммоларга дуч келишимиз мумкин. Президентимиз томонидан бугун олдимизга қўйилаётган асосий вазифа ва масъулиятнинг моҳияти ҳам шунда.
Қайд этилдики, шаҳар бюджет ташкилотларида (соғлиқни сақлаш муассасаларидан ташқари) апрель-сентябрь ойлари учун моддий рағбатлантириш жамғармаси бўйича кўзда тутилган 3 047,0 миллион сўм, карантин даврида бюджет ташкилотларининг (соғлиқни сақлаш муассасаларида ташқари) асосий воситалари сотиб олиш учун кўзда тутилган маблағ ва IV-гурух харажатларини (коммунал тўловлар, кўмир сотиб олиш ва марказлашган харажатлардан ташқари) жумладан, озиқ-овқат харажатларидан иқтисод қилиш ҳисобига 3 миллиард 206,0 миллион сўм, жами 6 миллиард 253,0 миллион сўм маблағ тежаб қолиниб, бюджетга йўналтирилди. Жумладан, 2020 йил II-чораги учун режалаштирилган 1 миллиард 128,9 миллион сўм маблағни 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигига ўтказилди.
Мазкур тежаб қолинган маблағлар Наманган шаҳар маҳаллий бюджетининг барқарорлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича муҳим тадбирларни, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсия ва нафақалар ҳамда устувор давлат дастурларини ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштиришга йўналтирилди.
Республика ҳукуматининг «Коронавирус пандемияси даврида тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хом ашё экспортини вақтинча чеклаш тўғрисида»ги қарорига асосан “Asr Steel Group” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган беш турдаги нотўқима матолар, тиббиёт ниқоблари ва комбензонлари каби тиббий маҳсулотлар, хом ашёлар экспортига шу йилнинг 1 майидан 31 декабригача вақтинчалик чеклов жорий қилинди. Айни пайтда ойига 2-3 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур корхона томонидан ички бозорга тиббиёт комбензонлари етказиб берилмоқда.
Шунингдек, шаҳарда кунига жами 616 мингта тиббиёт маскаси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган «Рустамжон текстиль инвест», «Наргиза», «Меҳрим зиё текстиль», «Мухайё текстиль», «Кубро текстиль саноат», «Виктория» масъулияти чекланган жамияти сингари 6 та корхона ички бозорни тиббиёт ниқоблари билан тўлиқ таъминланмоқда. Кунлик қуввати 400 минг донанеи ташкил этаётган «Кубро текстиль саноат» корхонаси томонидан тиббий ниқобнинг ички бозордан ортган қисмини Қозоғистон, Қирғизистон, Россия давлатларига экспорт қилинмоқда.
Пандемия даврида иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш борасида кўриб келинаётган оптимал чора-тадбирлар самараси ўлароқ жорий йилнинг олти ойида 1 триллион 683,3 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Жумладан, халқ истеъмоли маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1 триллион 36 миллиард сўм ёки ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 89,1 фоизни ташкил қилди. Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2674,5 минг, халқ истеъмол маҳсулотлари 1646,3 минг, чакана савдо айланмаси 3872,4 минг ва хизматлар кўрсатиш 2951,3 минг сўмни ташкил этди.
Шаҳарда мавжуд 5 минг 956 та корхонадан март-май ойларида 4 минг 654 таси ўз фаолиятини қисман тўхтатган эди. Жорий йилнинг июнь ойидан ишлаб чиқариш корхоналарининг карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда фаолият юритишларига рухсат берилиб, кенг шароитлар яратиб берилганлиги натижасида мазкур субъектлар ҳам фаолиятини қайтадан йўлга қўйди ва 19 минг нафардан зиёд ишчи ҳамда ходимлар иш жойига қайтди.
Шунингдек, чакана савдо айланмаси ҳажми 2 триллион 437 миллиард сўмга етиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 100 фоизни ташкил этди. Мавжуд 1 минг 530 та чакана савдо субъектидан 1 минг 395 таси карантин талаблари юмшаганлиги натижасида фаолияти қайта тиклади.
Наманган шаҳрида йилнинг ўтган даврида 291 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиб, бу борадаги кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 98,4 фоизга бажарилди. Карантин талаби билан фаолиятини тўхтатган 1 минг 633 та хизмат кўрсатиш субъектидан 1 минг 450 таси яна эл-юртга хизмат кўрсата бошлади. Худди шунингдек шаҳар бўйича фаолиятини вақтинча тўхтатган 372 та қурилиш корхонасидан 315 таси бугунги кунда бунёдкорлик ишларини давоми эттирмоқда.
Пандемия даврида халқаро савдо-иқтисодий алоқаларнинг издан чиқишига йўл қўймаслик ҳам маҳаллий ҳокимиятнинг диққат марказида бўлди. Буни Наманган шаҳрига жами 62,2 миллион долларга тенг хорижий инвестиция жалб қилингани ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробарга ўсганида, йилнинг ўтган даврида 50 миллион 511 минг долларлик экспорт амалиёти бажарилганида ҳам кўриш мумкин.
Брифингда О.Исаев мавзу бўйича журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.