Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ольга Шпилёвская: Ўзбекистонда дунёга ўрнак бўлаётган аёллар бисёр
16:17 / 2024-10-23

Тошкент шаҳрида жойлашган “Renessans Hall” мажмуасида Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Янги Ўзбекистон: гендер тенглик сиёсати” мавзусида сессия ташкил этилди.

Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг соҳага масъул вакиллари иштирок этган конференциянинг асосий мақсади хотин-қизлар имконияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш, давлат ва жамият бошқарувидаги ролини мустаҳкамлаш ва бугунги кунда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги давлатимиз сиёсати мазмуни, ислоҳотларнинг мамлакат аёллари ҳаётига амалий таъсири ва халқаро ҳаракатдаги ҳиссасини жаҳон ҳамжамиятга етказишдан иборат.

Хорижий ва миллий экспертлар, таҳлилчилар Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар ва навбатдаги долзарб вазифалар, мамлакатда вужудга келаётган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий макон ва муҳит, давлат ташқи ва ички сиёсатининг устувор вазифалари тўғрисида фикр билдирди.

Ольга Шпилёвская, “Беларусь аёллари иттифоқи” жамоат бирлашмаси раҳбари:

– Ўзбек аёллари дунё аёлларига ўрнак бўлмоқда. “Аёл дунёни қутқаради”, дейишади. Мутахассис сифатида Ўзбекистонда хотин-қизлар масаласи, жумладан уларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, жамиятдаги ролини оширишга алоҳида эътибор қараталаётганига гувоҳман. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенконинг оқилона сиёсати натижасида ҳар икки мамлакатда аёллар мавқеи ортиб бораётгани қувонарли.

Ўзбекистонга учинчи бор келишим. Мамлакатда эътирофга арзийдиган ютуқлар кўп. Масалан, юртингизда туғилиш даражаси юқори, аёллар Беларусга нисбатан кўп фарзанд кўради. Мен ҳар доим ўзбек аёллари ҳаётини кўриб-ўрганиш учун ўзаро туризмни ривожлантириш зарурлигини таъкидлайман. Минскда тадбиркорликка эътибор кучли, бу ерда ҳам шундай. Яна бир жиҳат: Ўзбекистонда қизлар таълим олиши учун кенг шароит яратилган. Масалан, олий ўқув юрти билан шартнома пули давлат томонидан қоплаб берилишини Беларусь ҳам қўллаши керак. Умуман, икки мамлакат хотин-қизлари ҳамкорлиги мустаҳкамланиши тарафдориман.

Ноҳа Аҳмад Фатҳий Аҳмад Закий, Миср Сенати Энергетика, атроф-муҳит ва ишчи кучи қўмитаси котиби:

– Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги аёллар мулоқоти, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш йўлида муҳим платформа бўлиб хизмат қилаётганини юқори баҳолайман. Кейинги йилларда Мисрда Конституция даражасида гендер соҳаси ислоҳотига ёндашув кўлами ортди. Ўзбекистон ҳам меъёрий ҳужжатлар асосида аёллар ҳуқуқини таъминлаш йўлича катта қадамлар ташламоқда. Мисрнинг 2030 йилгача мўлжалланган давлат дастурида хотин-қизлар имкониятини кенгайтириш, улоарга муносиб шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. “Ўзбекистон-2030” стратегияси ҳам бу борадаги тизимли ислоҳотни назарда тутади. Кузатувим натижасида гувоҳ бўлганимдек, мамлакатда иқтисодиёт, таълим, ижтимоий хизмат бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилишига эришилган. Жумладан, давлат хизмати соҳасида “Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастури” тасдиқланиб, турли соҳаларда бошқарув салоҳиятига эга хотин-қизлар кадрлар захираси шакллантирилган. Улар раҳбарликка тайёрлаш бўйича ўқув дастурлари асосида ўқитилмоқда.

Замира Акбагишева, Қирғиз Республикаси Аёллар конгресси раиси:

– Марказий Осиё ҳар жабҳада ишбилармон аёллар имкониятини оширишга интилмоқда. Хусусан, иқтисодиётда аёллар тадбиркорлиги ривожланса, демак оилада, жамиятда, уларнинг роли ошади. Гувоҳи бўляпмиз, ўзбек аёллари минтақага ўрнак. Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланаётган дунёнинг 10 давлати қаторига киради. Мамлакатда аёлларнинг жамиятдаги ўрнини яхшилашга қаратилган ҳуқуқий ислоҳотлар жадал тус олган. Меҳнатда, ҳақ тўлашда ҳам гендер тенгликка қатъий риоя этилмоқда.

Қирғизистонда ҳам махсус аёллар фонди таъсис этилган. Жамғарма қисқа вақт ичида кредит олишга кўмаклашади. Биз стартаплар устида ишлайдиган аёлларни ҳукумат даражасида қўллаб-қувватлаймиз.

31 октябрь куни Бишкек шаҳрида 4-халқаро аёллар бизнес форуми ўтказилади. Анжуманда меморандум имзолаш режа қилинмоқда: мақсадимиз – Марказий Осиё аёлларини жамиятнинг энг улуғ қатламига айлантириш.

Гулнора Мамадова, Озарбайжон Республикаси Оила, хотин-қизлар ва болалар муаммолари бўйича давлат қўмитаси вакили:

– Соҳада кўп иш қилиняпти, аммо мен энг муҳим жиҳатга эътибор қаратишни истардим. Давлатларимиз ўртасида биродарликка асосланган мустаҳкам алоқа муҳити ҳукмрон. Биз муносабатларни янада ривожлантириш учун оила масаласига алоҳида эътибор қаратаётганимиз энг катта ютуғимиз, деб ўйлайман. 2006 йил Озарбайжонда гендер тенглик бўйича қонун қабул қилинган. Бугунги кунда республикамизда аёллар марказлари фаолият кўрсатмоқда. Улар компьютерни чуқур ўрганмоқда, психологик тавсиялар олмоқда. Ўтган йил 289 нафар аёлнинг лойиҳаси молиялаштирилди. Қишлоқ аёллари ассоциацияси 48 гуруҳдан иборат.

Ўзбекистонда ҳам аёллар муаммоларини ўрганиб бориш ва уларга тизимли равишда ечим топиш мақсадида интер фаол платформалар ишга туширилмоқда. Айниқса, “Ўзбекистон-2030” стратегияси мамлакатнинг барқарор иқтисодий-ижтимоий тараққиётида муҳим ўрин эгаллайди. Зеро, аёллар сўнгги йилларда иқтисодий тараққиётга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.