English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Олға” га бориш энди қийин эмас
14:58 / 2023-07-28

Нуробод туманининг олис ҳудудларидан бири бўлган “Олға” маҳалласида бугунги кунда беш минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. “Йўл азоби — гўр азоби” деганларидек, ушбу ҳудудга олиб борадиган йўлнинг носозлиги туфайли маҳаллий аҳолининг туман марказига, марказдагиларнинг маҳаллага келиб-кетиши минг бир азоб билан амалга ошган.

Жорий йилнинг апрель ойида вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг тумандаги Олға, Иттифоқ, Чорвадор, Ўртабўз маҳаллалари аҳолиси билан учрашувидан кейин таъмирталаб 4Н-639 “Нуробод – Ўртабўз – Меҳр – Олға” ва 4Н-560 “Тошқудуқ – Олға – Ҳазармали” автомобил йўлларининг 34 километр қисмини асфальтлаш бошланган эди. Қисқа вақтда ушбу йўлларда таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, асфальтланган равон йўлга айланди. Ҳудуд аҳолисининг оғири енгил, узоғи яқин бўлди. Нуробод туман ҳокимлиги томонидан Олға маҳалласидаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга бағишланган пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий соҳадаги ютуқлар, қишлоқ хўжалиги, хусусан чорвачилик борасидаги янги лойиҳалар билан яқиндан танишди.  

Дастлаб пресс-тур иштирокчилари туман ҳокимлиги масъуллари ҳамроҳлигида “Олға элининг маскани зиё” фермер хўжалиги томонидан ўз маблағлари ҳисобидан 50 гектар лалми ер майдонларига Туркияда ишлаб чиқарилган ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш ишлари билан танишди.  

– Ҳисобимиздаги 50 гектар ер майдонига сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали чорва учун озуқабоп экин экишни бошлаяпмиз, – дейди  “Олға элининг маскани зиё” фермер хўжалиги иш юритувчиси Фахриддин Қаршиев. – Ҳеч кимга сир эмас, сўнги йилларда ёғин миқдори камайиб, йилнинг қурғоқчил келиши лалмикор ерларда фаолият юритаётган фермер хўжаликларини анча қийнаб қўйди. Икки-уч йилдан буён экинларимиздан натижа йўқ. Шу боис, осмонга қараб ўтирмай юртимизда сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун яратилган имтиёзлардан фойдаланиб, самарали фаолият юритишга бел боғладик. Туркияда ишлаб чиқарилган замонавий сув тежовчи ускуналарнинг дастлабкиси олиб келиниб, айни пайтда уларни майдонга жойлаштириш, зарур технологик жараёнлар олиб борилмоқда. Дастлабки босқичда синов тариқасида 50 гектар майдонга мўлжалланган томчилатиб суғориш технологияси олиб келинди. Бу технология бир суткада 50 гектар ерни суғориш имконини беради ва энг муҳими, ушбу ҳудудни суғориш учун 5,5 минг куб сув сарфланади. Жорий йилнинг октябрь ойидан ушбу технологиядан фойдаланган ҳолда ерга уруғ қадаймиз. Натижага қараб қолган 550 гектар майдонда ҳам худди шундай томчилатиб суғориш тизими жорий этилиб, ердан оқилона фойдаланишни  йўлга қўйиш орқали чорвачиликни ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшамиз. Бунинг учун  тегишли тартибда хорижлик ҳамкорлар билан ўзаро келишувлар тузилган.  

Умумий қиймати 1,5 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа асосида хўжаликнинг ишчилар сони яна 30 тага етиб, жами қирқ нафар маҳаллий аҳоли иш билан банд бўлади. “Олға элининг маскани зиё” фермер хўжалиги масъул ходими Ф. Қаршиевнинг таъкидлашича, хўжалик кўп тармоқли бўлиб, айни пайтда наслли молларни кўпайтириш борасида ҳам доимий изланишда.  

Маълумотларга кўра, ҳозиргача хўжаликка Франция тараққиёт агентлигининг “Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш лойиҳаси” доирасида халқаро кредит линиялари орқали 4 миллиард 980 миллион сўмлик 1840 бош наслли майда шохли чорва моллари қўшни Қирғизистон Республикасидан олиб келиниб, парваришланмоқда. Олға маҳалласида яшовчи аҳолининг асосий даромад манбаи чорвачилик ҳисобланади. Ҳудудда азалдан чорвачилик ривожланган бўлиб, айни пайтда ҳам аҳоли ота-боболари ишини давом эттириб, салмоқли натижаларга эришишмоқда.  

– Отам чорвадор ўтган, шу боис ота касбини давом эттириб келмоқдаман, – дейди “Ҳамфикр” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Бердиев. – 2007 йилда фермер хўжалик ташкил қилиб, 350 бош майда шохли мол билан фаолият бошлаган эдик. Бугун чорвамиз сони 1200 бошдан ошди. Шунингдек, 100 бош йилқи, ўн бошдан ортиқ туя боқяпмиз. Фаолиятимиз гўшт етиштиришга ихтисослашган. Йилига 2 тоннагача гўшт етиштирамиз. Ҳар қандай ишда ҳар доим муаммо бўлган.

Фақатгина оқилона ёндашув орқали муаммолар тизимли ҳал этилади. Бугунги кунда ҳам чорвачиликда муаммолар бор. Уларни ҳал этиш учун ҳукуматимиз томонидан қулай тизим яратилганлиги самарали фаолият юритишимизга замин яратмоқда. Айни пайтдаги энг катта муаммо озуқабоп экин етиштириш билан боғлиқ. Кўриб гувоҳи бўлганингиздек, томчилатиб суғориш тизими орқали муаммога ечим топилмоқда. Бунинг учун имтиёз ҳам, имкониятлар ҳам етарли. Фақатгина ҳафсала билан ишга киришилса, натижа кутилганидек бўлади.  

Пресс-тур давомида иштирокчилар Олғадаги ободонлаштириш ишлари ҳамда 10-давлат мактабгача таълим ташкилоти билан танишди.  

[gallery-12935]

– Бизнинг энг катта муаммомиз туман маркази билан боғлайдиган кўчанинг носозлиги эди, – дейди олғалик меҳнат фахрийси Тўра Помишов. – Мана вилоят ва туман ҳокимлари бошчилигида текис ва равон йўл қурилиб, узоғимиз яқин, оғиримиз енгил бўлди. Маҳалламиздаги ободончилик, бунёдкорлик ишлари ҳам киши кўзини қувнатади. Маҳалламизда мактабгача таълим муассасаси умуман йўқ эди. 2019 йилда 160 ўринли 10-давлат мактабгача таълим муассасаси ишга туширилиб, набиралариз замон талабларига мос шароитларда таълим-тарбия оляпти. Шунингдек, замонавий қишлоқ врачлик пункти ташкил қилинди. Мактаб биноси ҳам таъмирланиб, замонавий кўринишга эга бўлди. Қишлоғимиздаги масжид қайта бунёд этилмоқда. Умуман олганда “Олға” номига мос тарзда замон билан ҳамнафас ҳолда олға интилмоқда.  

Ғ. Ҳасанов,

А. Исроилов (сурат), ЎзА