Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ўлдирди, пичоқлади, сўйди..." – совуқ ахборотларни тарғиб қилиб қўймаяпмизми?
18:59 / 2022-01-17

Медиа макони кенгайган ҳозирги даврда ҳар бир кунимизни қўлимиздаги бир парча телефондан, унда жам бўлган турли ахборотлар, ижтимоий тармоқлардаги турфа хабарлар билан танишишдан бошлаймиз ва кунимизни ҳам шу тахлит якунлаймиз.

Замон билан ҳамнафас бўлиш, ён-атрофимизда, жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан, янгиликлардан бохабарлик яхши, албатта. Аммо улар орасида одамнинг этини жўнжиктирадиган ёмон хабарлар ҳам кўпайиб боряптики, инсон руҳиятига, кайфиятига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Энг ёмони эса «ўлдирди, пичоқлади, сўйди, чопди, портлатди, ёқиб юборди...» каби хабарларнинг кундалик истеъмоли бора-бора одамда бундай ҳолатларга кўникма ҳосил қилиб қўяётгандай назаримизда. Яъни ўта мудҳиш ҳодисаларга ҳам оддий бир ҳолдек қараш юзага келмоқда.

Бугун ижтимоий тармоқларнинг, телеграм каналларининг қай бирига қараманг, инсонийлигимизга тўғри келмайдиган, миллий менталитетимизга ёт бўлган турли мудҳиш воқеалар, зўравонликлар содир бўлгани ҳақидаги ахборотлардан «баҳраманд» бўласиз. Арзимаган вазиятлар чигаллашиб, "пашшадан фил ясалиб", қотилликлар билан якунлангани ҳақида ўқийсиз.

Хўш, бу каби совуқ ахборотлар инсон руҳиятига қандай таъсир кўрсатади? Уларни кенг ёритиш баробарида тарғиб қилиб қўймаяпмизми? Бу ҳақда психолог Дилдора Раҳимованинг фикр ва хулосаларини олдик.

— Ижтимоий тармоқларнинг фаоллашуви жамиятга ва инсонларга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди, албатта. Хабарлар орасида кимларнингдир ҳаётида бўлаётган ёки машҳурлар фаолиятига оид хабарларга қизиқиш катта, инсонлар кўпроқ шу каби хабарларга ўч ҳисобланади. Айниқса, «ўлдирди, пичоқлади, сўйди, чопди...» сингари жиноий хабарлар, инсон ҳаётига турли таҳдидларга оид ахборотлар одам онгига зарарли таъсир қилади. Масалан, бундай хабарларни кунда ўқиган одамда бобо-бувилар «эти қотган», деб айтганидек, кўникма ҳосил бўлади. Бунақа воқеаларни биринчи марта эшитганда, «воой, йўғе!», дея ҳайратланган одам бир ойдан кейин оддий қараши, ҳаттоки эътиборсиз, «шундай бўлиши керак экан», қабилида қабул қилиши мумкин.

Эшитиш орқали секин-аста онгимизда кўникма ҳосил бўлганидан кейин бу ҳолатларни кўрганда ҳам унча ҳайратланмаймиз. Масалан, кўчада биров йиқилиб ётган бўлса, оддий алкаш деб қараб ўтиб кетишимиз, биров уришаётган бўлса, четроқ юришга ҳаракат қилишимиз мумкин. Чунки онгимизда ҳосил бўлган кўникмамиз бу ҳолатларга аралашишимизга, олдини олишга ёрдамлашишга тўсиқ қўяди.

Яна бир жиҳати, бора-бора инсонда мойиллик ҳам ҳосил қилиши мумкин. Масалан, яқинда бир қайнона келинига 32 марта пичоқ тиқиб ўлдиргани ҳақида ўқиб қолдим. Эртага ким кафолат берадики, буни кўрган қайнона тўйиб турган вақтида ана шундай йўл тутмаслигига?!

Бундан ташқари, инсоннинг болалигидаги кўрганлари, оилавий муҳит ҳам кейинчалик юзага келадиган турли воқеаларга замин бўлиб хизмат қилиши мумкин. Масалан, болалигидан оиладаги уруш-жанжалларни, отанинг аёлига зўравонлиги, таҳдидини кўриб улғайган инсон келгусида ана шундай ҳолатларга ўзи ҳам йўл қўйиши мумкин.

Онг остига сингиб қолган ҳар қанақа фикр қачондир ўз мевасини беради, амалда намоён бўлади. Шу билан бирга, қайта-қайта такрорлаш ҳам онг остига сингишга олиб келади. Масалан, карра жадвалини қайта-қайта такрорлаб ёдлаганимиз учун уйқудан уйғотиб сўрашганда ҳам 5*7 албатта 35 бўлишини бехато айта оламиз. Чунки такрорлаш эвазига карра жадвали онгимизга чуқур сингиб қолган.

Шу маънода бугунги фаол медиа маконида кўпайиб бораётган совуқ ахборотларни ҳар куни ўқиш ва эшитиш, видеоларини томоша қилиш инсон онгига муҳрланиб қолишига, унда кўникма ҳосил қилишига сабаб бўлади, — дейди психолог.

Дарҳақиқат, баъзитармоқ юритувчилар, блогерлар ўз аъзоларини кўпайтириш илинжида ҳам бу каби ёмон, шов-шувли ахборотларни кенг тарқатишга интилади. Аслида уларни тарқатиш тарғиб қилиш билан баробар. Шундай экан, ижобий ахборот ва маълумотларни саралаб ўқишга ўрганишимиз ўзимизга, руҳиятимизга фойда.

Муҳтарама Комилова, ЎзА