Ҳар бир ёш жамиятда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Зеро, ёшлар том маънода, мамлакатнинг бебаҳо бойлиги, жамият тараққиётининг мустаҳкам таянчидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, ёшлар бўйича алоҳида қонунлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам, аввало, ёшлар сиёсати алоҳида ўрин тутади.
Жорий йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилиши, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича жуда катта марра ва муҳим вазифалар белгилаб олингани ва шу йилнинг ўзида Президентимиз раислигида ёшлар масаласида икки маротаба видеоселектор йиғилиши ўтказилиши замирида ҳам катта мақсадлар мужассам.
Аввало, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни доимий иш жойига эга бўлишига кўмаклашиш, натижада оилаларга барқарор даромад манбаи яратишдир. Лекин олиб борилаётган ислоҳотларга қарамай, жойларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида жиддий муаммолар борлиги, улар билан ишлашда ҳамон камчиликлар кузатилаётгани кишини ўйлантиради. Сабаби ёшлар ўртасидаги муаммоларнинг илдизи аксар ҳолларда ишсизликка бориб тақалади. Бу эса уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилишни тақозо этади.
Жорий йилнинг 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу масалага тўхталиб, ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Бу борада 1 июндан бошлаб “ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилиши, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар марказлари битирувчилари 6 ойгача даромад солиғидан озод этилиши ишсиз, ўз ташвиш-ўйларига ўралашиб, дардини айтолмай юрган ёшлар учун катта имконият ва рағбат бўлди.
“Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсиз ёш бандлигини таъминлаган тадбиркорларга 1 майдан бошлаб давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз, ходимлари сонининг камида 70 фоизи “ёшлар дафтари”га кирган ёш тадбиркорларга давлат мулки аукционсиз берилиши, улардан 5 йил давомида ижара ҳақи ундирилмаслиги партиямиз электорати бўлган тадбиркорларни тўлқинлантириб юборди. Энди улар бу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, ўз фаолиятини кенгайтириш баробарида янги иш ўринлари ташкил этиб, ишсиз йигит-қизларни бандлигини таъминлайди. Ёшлар ишли бўлса, жамиятда ўзгариш, ривожланиш бўлади.
Сир эмас, пойтахтимизда жойлашган кўп сонли талабалар турар жойларида ўринларнинг етишмовчилиги сабабли ижара хонадонларида яшаётган талабалар турли муаммоларга учрамоқда. Узоқ вилоятлардан келган талабалар арзон ва ўқишига яқин бўлган жойдан уй излаш ёки у уйдан бу уйга кўчиш билан вақтларини ўтказмоқда. Агар бу муаммолар ҳал этилса, ўғил-қизларимиз билим олиб, ўз устида ишлайди. Чунки эртанги кунимиз, юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позициясига эга ёшларга боғлиқ.
Йиғилишда иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилиши айтилдики, бу буюк аждодларимиз ворисларига илм-фанни чуқур эгаллаши йўлида берилаётган катта имтиёз ва имкониятдир. Ўзбекистонда ёшларнинг жамият тараққиётида фаол иштирок этиши, замонавий билимларни чуқур эгаллаб, ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб вояга етиши учун кенг имкониятлар берилаётган экан, албатта, улар ҳам бундай юксак эътиборга муносиб бўлиб, ўзларига билдирилган ишончни оқлайди.
Умуман олганда, ёшлар бандлиги билан бугун шуғулланмасак, уларни илму-ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топишига кўмаклашмасак эртага кеч бўлиши мумкин. Демак, халқ вакиллари сифатида биз кўпроқ ёшлар орасида бўлиб, йигит-қизларимиз келажаги учун ҳаммадан ҳам кўпроқ жон куйдиришимиз, энг аввало, уларнинг бандлигини таъминлаш чораларини кўришимиз лозим.
Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати
ЎзА