Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш, мазкур соҳаларда халқаро стандартларни тизимли равишда жорий этиш долзарб масала. Шунинг учун бу йўналишда салмоқли ишлар қилинмоқда. Бажарилаётган ишларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ҳам муҳим саналади. Шу мақсадда ,“Ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш соҳасига хусусий сектор жалб қилиниши муносабати билан “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида қизғин муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида ўлчаш воситаларини қиёслаш хизматлари республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган юридик шахсларнинг метрология хизматлари томонидан кўрсатилиши, ўлчаш натижалари давлат аҳамиятига эга бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши, шунингдек, метрология текшируви ҳамда давлат метрология назорати функцияларининг ажратилиши назарда тутилмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳаси бўйича ўз фикларини, таклифларини билдириб, маъқулладилар.
Кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА