10 декабрь — “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида” қонун қабул қилинган кун
Мамлакатимизнинг бепоён ва сермаҳсул кенгликлари, гўзал табиати, виқорли тоғлари ва ажиб боғлари, аждодлар садоқати ва авлодлар Ватанпарварлигини акс этган Ўзбекистон Республикаси мадҳиясини тинглаган шу юрт фарзанди борки, қалбида жўшқинликни ҳис қилади.
Бугун “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун.
Давлатимиз мадҳияси садоларини ҳар сафар эшитганимизда чуқур маънога эга сатрлар, мардонавор ва соҳир оҳанги бизни сеҳрлаб қўяди, қалбимизда Ватан қадри, бугун учун шукроналик ва эртамизга улкан ишонч ҳисси янгиланаверади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси 1992 йил 10 декабрдаги 768-ХII-сонли "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида"ги Қонуни билан тасдиқланган. Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир, деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.
Давлат мадҳиясининг муаллифи Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бўлиб, мусиқасини Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов басталаган.
Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА