Марказий банк маълумотига кўра, октябрь ойида кенг маънодаги пул массаси 10,9 трлн. сўмга кўпайиб, жами 344,7 трлн. сўмни ташкил этди.
Шунингдек, ой давомида бошқа пул агрегатларида ҳам ўсиш қайд этилди. Хусусан, миллий валютадаги пул массаси 282,3 трлн. сўмни ташкил этди (+12,2 трлн. сўм), муомаладаги нақд пуллар ҳажми 67,1 трлн. сўм (+2,1 трлн. сўм), сўмдаги талаб қилиб олингунча депозитлар 64,3 трлн. сўм (+2,4 трлн. сўм)ни ташкил этмоқда.
Сўмдаги бошқа депозитлар 150,9 трлн. сўмга (+7,7 трлн. сўм) етди. Фақатгина чет эл валютасидаги депозитлар камайиб, 1,3 трлн. сўмга тенг бўлиб, умумий ҳажми 62,3 трлн. сўмни ташкил этди.
Йиллик ҳисобда барча пул агрегатларида ўсиш кузатилди. Сўмдаги бошқа депозитлар 42,7 фоизга, Миллий валютадаги пул массаси 28,2 фоизга, кенг маънодаги пул массасининг йиллик ўсиши 24,3 фоизга ортди.
Кенг маънодаги пул массаси (М2) Халқаро валюта жамғармасининг “Пул-кредит ва молиявий статистикани шакллантириш қўлланмаси” (ПМСШҚ 2016) концепция ва таснифларига мувофиқ, Марказий банк ва тижорат банкларининг мажбуриятлари маълумотлари асосида ҳисобланган. М2 таркибига муомаладаги нақд пуллар, бошқа молиявий ташкилотлар, давлат номолиявий ташкилотлар, хусусий сектор ва уй хўжаликларининг миллий валютадаги ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча, жамғарма ва муддатли депозитлари киради (ПМСШҚ 2016 бўйича пул массаси таркибига киритилмайдиган депозитлардан ташқари).
Тор маънодаги пул массаси (М1) эса муомаладаги нақд пуллар ва миллий валютадаги талаб қилиб олингунча депозитларни ўз ичига олади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА
-0-