English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Октябрь ойида энг юқори ишбилармонлик фаоллиги кузатилган ҳудудлар
17:33 / 2023-11-29

Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятни баҳолаш учун Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари ҳар ойда ҳудудлар ва туманлар даражасида тадбиркорлик фаолияти ҳолатининг мониторингини ўтказади. Унга кўра, октябрь ойидаги таҳлиллар бюджет даромадларининг ўсиши ва барқарор тенденцияни кўрсатди. Ой давомида солиқ тушумлари 7,3 фоизга ошган.

Солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва Навоий вилоятларида қайд этилди. Солиқ тушумлари манбалари бўйича даромад солиғи тушумлари – 24 фоизга, мулк солиғи – 27 фоизга ва ер солиғи – 21 фоизга ошди.  

Энг кам солиқ тушумлари Хоразм, Қашқадарё вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилди.  

Таҳлил қилинаётган давр учун божхона тўловлари бўйича тушумлар 22,7 фоизга ошди. Тушумлар бўйича энг кўп ўсиш Жиззах, Сурхондарё, Самарқанд, Андижон, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қайд этилди.  

Божхона тушумларининг ўсиши асосан транспорт ускуналари ва унинг таркибий қисмлари, техник жиҳозлар, металл ва металл буюмлар, электротехника ва унинг таркибий қисмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг ошгани билан боғлиқ.  

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён товарлар экспорти 5,3 фоизга қисқарди. Бу жумладан, ип-калава, минерал ўғитлар, трикотаж маҳсулотлари, металлар ва маҳсулотлар, озиқ-овқат ва мева-сабзавотлар маҳсулотлари, пластмасса, табиий газ, электротехника маҳсулотлари ва ўғитлар экспортининг камайиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, экспортнинг энг сезиларли ўсиши Хоразм, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида қайд этилди. Тижорат банклари томонидан октябрь ойи учун берилган кредитлар ҳажми 10,9 фоизга ўсди.  

Кредитлар бериш республиканинг деярли барча ҳудудларида ўсди. Октябрь ойида энг катта ўсишни Навоий, Сирдарё, Жиззах, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри кўрсатди. Ой давомида Ўзбекистон Республика товар биржасида тузилган битимлар ҳажми 2,4 фоизга камайди. Шу билан бирга, Сирдарё (вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида биржа фаоллиги сезиларли даражада ошгани кузатилмоқда.  

Ушбу ҳудудларда битимлар ҳажмининг ўсиши қурилиш ва маиший материаллар, буғдой уни, пахта толаси, техник уруғлар, буғдой, суюлтирилган газ, рангли металлар, дизель ёқилғиси, автомобиль бензини, минерал ўғитлар, шакар, қора металлар ва полиэтилен каби товарларни сотиш ҳажмини ошириш ҳисобига таъминланмоқда.  

Октябрь ойида 72 минг 325 та янги хўжалик юритувчи субъект ташкил этилиб, уларнинг энг кўп Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Хоразм, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган.  

Моҳигул Қосимова, ЎзА