Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўксик қалблар шифоси
07:16 / 2022-08-12

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”

Бир неча йил аввал айни шундай вақт эди. Ўша кун хотирамда муҳрланиб қолган. Маҳалламиздаги Мастура ая йиғлаб чиққанди. Дардини кимга айтишни билмаган 70 ёшни қаршилаётган аянинг афсус-надомати, армонлари, ҳасрати туганмас эди. Аламдан ўксиб-ўксиб йиғлаётган аёл бир пасда қариб, елкаси букилиб, мунғайиб қолгандек кўринди. Ичимдан ўксик бир йиғи келди. Авваллари маҳаллада кайвонилик қилиб юрган шижоатли аёлни кўрганим учунми, бу аёл назаримда бошқадек туюлди.

Инсонни ғам қаритади, дейишади. Ёлғиз фарзанди ва келини автоҳалокатда ҳалок бўлганида ҳам сабр қилган, ёстиқдошининг тўшакка михланганини ҳам бардош билан қарши олган, бошқаларга далда бўлиб, сабр қилишни ўргатган Мастура ая бугун набирасининг адашиб жиноят йўлига кириб қолишига чидай олмаётган эди. Ҳатто бироз ношукрлик қилгандек ҳам бўлди.

Йигит жиноий жавобгарликка тортилди. Орадан йиллар ўтди... Бу кунларни дард тўла юраклар қандай ўтказганини фақатгина ўзи билади.

Мамлакатимизда чуқур ислоҳотлар олиб бориляпти. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилиш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар қилиняпти. Адашган ёшларга, билмай жиноят содир этганларга яна бир бор имконият бериляпти.

Инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилди. Жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган йигит-қизлар жазодан озод қилиняпти.

Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида афв этиш институтига ҳам алоҳида эътибор берилди. Йўлдан адашганлар афв этилди, кўплаб юртдошларимиз учун амнистия эълон қилинди. Статистик маълумотларда кўринадики, Президентимизнинг 2017 йилдан бери афв этиш билан боғлиқ 21 фармони эълон қилинди. Мазкур фармонлар асосида 5555 нафар жазо муддатини ўтаётган шахслар афв этилган.

Юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг асоси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган инсонпарварлик, инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларининг олий қадрият сифатида тан олиниши каби умуминсоний принципларни амалга оширишдан иборат.

Қонунга риоя қилмаган, жиноят йўлига кириб қолган, бироқ ўз қилмишининг қонунга хилофлигини англагач, тузалишга қатъий аҳд қилган фуқароларга ўз оиласи ва жамиятга қайтиши учун имконият берилмоқда. Бу халқимизга хос бўлган азалий бағрикенглик, кечиримлилик қадриятининг ёрқин ифодасидир. Уларнинг ижтимоий ҳаётга қайтиши, ўз ўрнини топиши учун яратилаётган шароит, улар учун ўзини оқлаш, ишончга муносиб бўлиш, шу юрт корига ярашини исботлаш учун бир имкондир.

Шу пайтгача ҳар йили амнистия тўғрисида ҳам ҳужжатлар қабул қилинган.

Жиноятнинг содир этилиш ҳолатлари ва оқибатлари, етказилган зарарнинг қопланганлиги, жабрланган томон ва жамоатчилик муносабати ҳар томонлама ва пухта ўрганиб чиқилгач авф қўлланилади. Ёки баъзи тоифа инсонлар учун амнистия акти қўлланилади.

Бир пайтлар диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди.

Ман этилган ташкилотларга адашиб кириб қолган, қилмишига пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилмоқда.

Жойларда судьяликка номзодларнинг шахсий ва касбий сифатларини ўрганиш учун жамоатчилик комиссиялари ташкил этилди.

Адолат, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида судда ишларни электрон тақсимлаш тизими амалиётга киритилди. Эндиликда инсон аралашувисиз ишни қайси судья кўришини электрон дастур белгилайди.

Соҳадаги шу каби ўзгаришларнинг ўзиёқ Мастура ая каби юртдошларимизнинг қалбига нур олиб кирди. Бугун улар набирасининг йўлдан адашган вақтидаги кўнгилсизликни унутиб, қалби қувонч ва сурурга тўлган.

Мастура аянинг, алдовларга ишониб йўлдан адашган Адҳамнинг, улар каби минглаб инсонлар эндиликда байрамларни шукрона билан кутиб олади, жамиятдаги ўзгаришлар, янгиланишлар жараёнида қатнашади. Ҳалол меҳнат қилиб, Ватан келажиги, юрти, оиласи учун ўз ҳиссасини қўшади.

Шунинг ўзи улкан бахт, фаровон турмушимизнинг инъикоси эмасми? Шундай имкониятлар берилаётгани шукронага асос бўлмайдими?

 

Барно Мелиқулова, ЎзА