Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўксик кўнгилларга шодлик улашилди
19:43 / 2024-06-17

Ислом оламидаги икки муқаддас байрамлардан бири –Қурбон ҳайити кунлари муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг оғирини енгил қилиш ва дардига малҳам бўлиш халқимизга хос энг юксак фазилатлардандир.

Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Қурбон ҳайити муносабати билан Жиззах вилоятининг барча шаҳару туманларида ҳам маҳаллий ҳокимликлар бошчилигида ёши улуғ нуронийлар, якка-ёлғиз, ўзгалар қаровига муҳтож қариялар ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга саховатпеша ҳомийлар томонидан эҳсон ва ҳадялар тарқатилмоқда. Бу хайр -саховат ишларининг барчаси халқимизнинг азалий қадриятларидан бўлиб, йиллар ўтса ҳамки, улар ўз аҳамиятини йўқотмайди, балки халқимизга хос анъана сифатида мустаҳкамланиб бораверади.

Арнасой. Қурбон ҳайити муносабати билан туман ҳокими Одил Мусанов  бошчилигида Республика ишчи гуруҳи вакиллари ва секторлар раҳбарлари маҳалла раислари билан биргаликда ҳамда саховатпеша, ҳомийлар кўмагида туманда яшовчи ёши улуғ нуронийлар, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва пул маблағлари тарқатилди.

Шунингдек, тумандаги “Раҳмон” жоме масжидида жонлиқ қурбонлик қилинди ва шу ҳудуддаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд хонадонларга гўшти эҳсон сифатида тарқатилди.

Жиззах шаҳри. Жиззах шаҳри ҳокими Комилжон  Холмуродов бошчилигида бир гуруҳ саховатли ҳомийлар Қурбон ҳайити байрами юртимизда кенг нишонланаётган бугунги кунда шаҳарнинг 1-сектор ҳудудига қарашли “Нурлиобод”, “Бунёдкор”, “Қалия” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга хайр саховат кўрсатди.

Ушбу хайр-саховат ишлари шаҳарнинг бошқа секторлари ҳудудидаги маҳаллаларда ҳам давом эттирилмоқда.

Зафаробод. Президентимиз ташаббуси билан амалга жорий этилган “Аёллар дафтари” тизими бошқа ҳеч бир мамлакатда учрамайдиган ноёб механизм бўлиб, бу орқали юртимиз хотин-қизларининг кам таъминланган қисми ҳимоя қилинмоқда.

Туманда истиқомат қилувчи ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, 10 турдаги озиқ-овқат  маҳсулотлари тарқатилди.

Жоме масжидларда жонлиқ қурбонлик қилиниб, уларнинг гўштлари эҳтиёжманд, кам таъминланган, етим-есир, бева-бечораларга эҳсон этилди.  

Зомин. Туман ҳокими Алишер Абдуғаниев  туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш ҳамда оила ва хотин-қизлар бўлимлари фаоллари ҳамда ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда Қурбон ҳайити байрами кунлари аёллар ва ёшлар дафтарларига киритилган 25 нафар хотин-қизга 20 та тикув машинаси ҳамда 5 та ноутбук топшириб, уларнинг бандлиги таъминланди.  

Бу туманда ҳам жонлиқлар қурбонликка келтирилиб, уларнинг гўштлари эҳтиёжманд оилалар ва мурувват уйларидагиларга эҳсон қилинди.  

Шу каби меҳр- саховат тадбирлари туманнинг бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам ўтказилди.

Янгиобод. Бугун туманнинг 1-секторига қарашли “Янгиобод” МФЙда туман ҳокими ўринбосари ва маҳалла масъуллари иштирокида Қурбон ҳайити муносабати билан бетоб ётганлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга борилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди ва байрам совғалари улашилди.

Муборак ҳайит муносабати билан меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварликнинг бошқа кўринишлари акс этган бу каби хайрли тадбирлар туманнинг барча маҳаллаларида давом этмоқда.  

Кексалар хайр-эҳсон қилувчи бандаларининг ишига, касбу-корига барака беришини Яратгандан сўраб, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик сўраб дуолар қилдилар.

Меҳр-саховат тадбирлари вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),  

ЎзА мухбирлари