Дохада давом этаётган Жаҳон кубогининг 4 март кунги баҳслари мамлакатимиз вакиллари учун омадли кечди.
Қувонарлиси, ўзбек спорт гимнастикаси афсонаси Оксана Чусовитина ҳали ҳам спортдаги қатъиятини йўқотмаганлигини намойиш қилди. Жаҳон кубогининг таяниб сакраш дастуридаги финал мусобақасида 46 ёшли ҳамюртимиз 13.433 очко жамғаришга муваффақ бўлди.
Ғолиблик йўлидаги асосий даъвогарлари бўлган венгриялик Мария Баскай 13.150 натижа билан 2-ўринни, россиялик Виктория Листунова 13.133 очко эвазига 3-ўринни эгаллашди. 46 ёшли Оксана барчани лол этган тарзда шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олди.
Шунингдек, Дохадаги 4 март кунги мусобақаларда яна бир юртдошимиз Ўткирбек Жўраев параллел тўсинлардаги машқда 6-кўрсаткич билан саралашдан муваффақиятли ўтган ҳолда финал йўлланмасини қўлга киритди.
Энди Ўткирбек Жўраев бугун, 5 март кунги финал баҳсида медаллар учун курашда иштирок этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА