Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оксана Чусовитина жаҳон кубоги финалида
15:39 / 2026-02-20

Спорт хабарлари

Бугун, 20 февраль куни Германиянинг Котбус шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича бошланган Жаҳон кубоги илк босқич мусобақасининг саралашида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устаси Оксана Чусовитина иштирок этди.

Тажрибали спортчимиз таяниб сакраш дастурида 13.133 балл натижа қайд этди ва финал йўлланмасини қўлга киритди.

22 февралга қадар давом этадиган мазкур мусобақада ўтган йилги жаҳон кубогида ғолибликка эришган 10 нафар спортчининг 7 нафари иштирок этмоқда.

Мамлакатимизда спорт синовлари бошланмоқда

Эртага, 21 февралдан мамлакатимиздаги умум таълим муассасалари ўқувчилари “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларида иштирок этишлари учун рўйхатдан ўтишга старт берилади.

Спорт синовларини топшириш жараёнида электрон рўйхатдан ўтган иштирокчилар ID-рақами бўйича платформада баҳоланади ва натижасига кўра шахсий кабинетига электрон сертификатлар юборилади.

Жорий йилнинг март ойидан рўйхатдан ўтган ўқувчилардан ихтиёрий талаблар асосида спорт синовлари қабул қилинади.

"Катта дубулға" турнирида неча нафар дзюдочимиз қатнашади?

Яна бир ҳафтадан сўнг "Ҳумо Арена" спорт мажмуасида дзюдо бўйича Тошкент "Катта дубулға" турнири бошланади.

Хўш, "Лос-Анжелес-2028" Олимпия ўйинларининг рейтинг очколарини тақдим этадиган мазкур нуфузли мусобақада Ватанимиз шарафини неча нафар дзюдочи ҳимоя қилади?

"Катта дубулға" турнири низомига мувофиқ, мусобақа мезбони сифатида ҳар бир вазн тоифасида Ўзбекистон тўрт нафардан дзюдочини баҳсларда иштирок этиш талабномасини тақдим этиши белгиланган.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси Мураббийлар кенгаши куни кеча Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган миллий терма жамоанинг сўнгги таркибини эълон қилди. Унга кўра, Тошкент татамиларида умумий ҳисобда 56 нафар йигит-қизларимиз ғолиблик йўлидаги курашларда татамига чиқади.

Бектемир Мелиқўзиев матбуот анжуманида иштирок этди

Жорий йилнинг 22 февраль  куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтадиган навбатдаги профессионал бокс кечасида ҳамюртимиз Бектемир Мелиқўзиев рингга кўтарилади.

29 ёшли чарм қўлқоп устамиз Б.Мелиқўзиев Лас-Вегасдаги “T-Mobile Arena” мажмуасида ташкил этиладиган профессионал бокс оқшомида ганалик Сена Агбекога рўбарў келади.

Бугун, 20 февраль куни ушбу бокс кечаси олдидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этган Бектемир жангнинг аҳамияти, рақибининг имкониятлари борасида журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.

Т.Рўзиев, ЎзА