Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оксана Чусовитина – Мустақил Ўзбекистоннинг сўнгги 10 йилликдаги энг яхши спортчиси
13:05 / 2020-08-24

Миллий олимпия қўмитаси Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан Ўзбекистоннинг сўнгги 10 йилликдаги энг яхши спортчисини аниқлаш бўйича танлов эълон қилган эди.

Миллий олимпия қўмитаси Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан Ўзбекистоннинг сўнгги 10 йилликдаги энг яхши спортчисини аниқлаш бўйича танлов эълон қилган эди. Бугун мазкур танлов ўз якунига етди.

Унга кўра, 20-24 август кунлари роппа-роса 5 сутка давом этган танловда 2011-2020 йиллардаги энг яхши 5 нафар спортчимиз номи овозга қўйилди. Жараёнда 100 мингга яқин ҳамюртимиз иштирок этди. Улар орасида афсонавий Оксана Чусовитина 35 639 овоз (36%) тўплаб, биринчи ўринни эгаллади. Бир неча кун давом этган танловда профессионал бокс бўйича WBА ва IBF камарлари соҳиби Муроджон Аҳмадалиев эса 29176 овоз (29%) билан иккинчи ўринни эгаллади.

Батафсил:

1. Оксана Чусовитина – 35639 овоз (36%)
2. Муроджон Аҳмадалиев – 29176 овоз (29%)
3. Руслан Нурудинов –15842 овоз (16%)
4. Ришод Собиров – 11494 овоз (11%)
5. Шаҳобиддин Зоиров – 7760 овоз (8%)

Маълумот учун, Оксана Чусовитина 1975 йил 19 июнь куни Бухоро шаҳрида туғилган. Жаҳонда спорт гимнастикаси бўйича Олимпия ўйинларида энг кўп иштирок этган спортчи (1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016).

1992 йил Барселонада ўтган Олимпия ўйинлари олтин медали соҳиби, таяниб сакраш йўналиши бўйича 9 карра жаҳон чемпионати совриндори.

Таяниб сакраш, эркин машқ ва параллель тўсинларда бир неча мураккаб элементлар муаллифи. Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионати ғолиби, фаолиятини якунламасдан туриб Олимпия ўйинларида иштирок этиш бўйича (спорт гимнастикасида) Халқаро гимнастика шон-шараф зали ва «Гиннеснинг рекордлари» китобига ўз номини ёздириб қўйган.

2019 йил Германиянинг Штутгарт шаҳрида ўтказилган спорт гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионатидаги иштироки орқали Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Токио Олимпиадаси Чусовитинa учун фаолиятидаги саккизинчи Олимпиада бўлади.

Оксана Чусовитинанинг юртимиз спорти ривожига қўшган ҳиссаси ҳукуматимиз томонидан юксак баҳоланиб, у давлатимиз томонидан «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» ва «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонлари билан тақдирланган.