Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Округ сайлов комиссияси сайловга ҳозирлик бўйича мутасаддилар ҳисоботини, журналистлар эса комиссия раиси ахборотини тинглади
18:26 / 2021-09-30

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссиясида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда сайлов куни округ ҳудудидаги 860 та сайлов участкасининг ёнғин хавфсизлик ва тегишли мосламалар билан таъминланганлик ҳолати юзасидан Сурхондарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Ш. Эрназаров ва мавжуд сайлов участкларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида “Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти раиси ўринбосари Аброр Алиевларнинг ахборотлари тингланди.

Таъкидландики, жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини вилоятда юқори савияда очиқ, ошкора ва умумэътироф этилган тамойиллар асосида ўтказишга пуҳта тайёргарлик кўрилмоқда. 

Мавжуд 860 та сайлов участкасида фуқароларнинг ўз хохиш-иродасини эркин ифодага этишига барча шароит яратилаётир. Бунинг учун сайлов участкалари ташкил этилган бинолар таъмирланиб, тартибга келтирилди. 

Ҳаракат ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Электр энергияси билан узлуксиз таъминлашга эътибор кучайтирилган. Олис ва чекка ҳудудлардаги сайлов участкаларини авария ҳолати юз берган тақдирда муқобил электр энергияси билан таъминлаш режалаштириб олинган.

Йиғилишда шунингдек, участка сайлов комиссиялари таркибидан айрим комиссия аъзоларини чиқариш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди. Кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссиясининг матбуот марказида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди.

Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси раиси С.Саттаров дастлаб бугун, яъни 30 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида кўрилган муҳим масалалар ҳақида маълумот берди.

¬¬– Мажлисни видеоконференц алоқа орқали бевосита кузатдик, – деди Салоҳиддин Саттаров. –¬¬ Унда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш бўйича йўриқнома талабларининг ижроси юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг, шунингдек, ҳудудларда сайловга кўрилаётган тайёргарлик бўйича қатор округ сайлов комиссиялари раисларининг ахбороти тингланди. 

Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларлардан қатнашадиган кузатувчилар ҳамда ОАВ вакилларини аккредитация қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Матбуот анжуманида вилоятда сайловга кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳусусида ҳам фикр алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА