Шу йилнинг 27 октябрь куни юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим тадбир – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади.
Мазкур муҳим жараён олдидан, Наманган давлат университети биносида Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 55 та округ сайлов комиссиясининг раис, унинг ўринбосарлари ва котиблари иштирокида ўқув машғулоти бошланди.


165 нафар тингловчи иштирок этаётган ўқув машғулотида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев, вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғунов жорий йилги сайлов тизимининг ўзига хос хусусиятлари, округ сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосарлари ва котибларининг вазифалари ва масъулияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.


Қайд этиш лозимки, ўқув курсларини юқори савияда ўтказиш мақсадида юқори малакали экспертлар томонидан ўқув режаларига мувофиқ маъруза матни, топшириқ саволлари, тест, тақдимот, инфографика ва видео-дарслар кўринишидаги ўқув-услубий материаллар тайёрланган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.