“Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлигининг Лондон филиали томонидан Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг узоқ муддатли кредит рейтинг кўрсаткичини “ВB-“ БАРҚАРОР даражасида тасдиқлади.
Маълумот учун АҚШнинг “Fitch Ratings” агентлиги дунёда катта учликка кирувчи рейтинг компанияси бўлиб, ушбу рейтинг ОКМКнинг инвестицион жозибадорлигини оширади. Ҳар қандай хорижий йирик тижорат банк ва молия ташкилотлари ушбу рейтингга алоҳида эътибор беради. Мазкур рейтинг агентлиги томонидан комбинатнинг эътироф этилиши, ОКМКнинг барқарор фаолият юритувчи йирик металлургия корхонаси эканлигини исботлайди.
“Fitch Ratings” агентлиги қайд этганидек, фискал сиёсат, тасдиқланган хом ашё захиралари, миснинг халқаро бозордаги нархи ва жозибадор экспорт ҳажми комбинатнинг барқарор иқтисодий ўсишига хизмат қилади.
Дунёнинг етакчи эксперти бўлган “Fitch Ratings” агентлиги томонидан ОКМКни халқаро даражада яна бир бор эътироф этилишида дунёдаги энг йирик “Ёшлик I конини ўзлаштириш” лойиҳасининг амалга оширилаётгани, инвестициявий жозибадорлиги юқорилиги ва корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этилаётгани муҳим омил бўлди.
2021 йилда ОКМК дунёда кучли учликка кирувчи етакчи рейтинг агентлиги саналган “S&P Global Ratings” томонидан кредит рейтингида “В+” даражаси ҳамда “Барқарор” башорати билан тақдирланган эди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 2021 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 30,7 триллион сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан ўсиш 5,6 бараварни ташкил этган. Соф фойда ҳажми 5,3 триллион сўм миқдорида ёки бизнес режага нисбатан 128,6 фоиз етказилган.
ОКМК матбуот хизмати