Мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар хизмат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шароитлар яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан Мис комплексини қўриқлаб келаётган ҳарбий хизматчилар учун ана шундай юксак эътибор намунаси намойиш этилди
Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмида ОКМК ҳомийлигида барпо этилган замонавий инфратузилмага эга янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Мазкур мажмуанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-лейтенант Шухрат Халмухамедов, ОКМК раҳбарияти, Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги масъуллари, Ўзбекистон Қаҳрамони Сайдали Раҳмонов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.


Тадбирда сўзга чиққанлар йиғилганларни байрам билан қутлар экан, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан ҳарбий соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталдилар. Мудофаа вазири мазкур замонавий бинони қуриш ва таъмирлаш ишларида яқиндан кўмак берган комбинат раҳбариятига миннатдорлик билдириб, ҳарбий қисм шахсий таркиби учун янги хизмат автомобиллари калитларини топширди.


Тантанали маросимдан сўнг меҳмонлар янги ўқув биносида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган “Ёшлик-1 конини ўзлаштириш” инвестициявий лойиҳаси доирасида қўриқлаш хизматини кенгайтириш ва ҳарбийлар малакасини ошириш мақсадида барпо этилган мазкур уч қаватли бино 120 ўринга мўлжалланган. Мажмуадаги жанговар ҳамда маънавий-маърифий тайёргарлик синфлари, кутубхона, IT ва хизмат хоналари замон талаблари асосида жиҳозланган бўлиб, бино ёнида 20 та махсус ҳарбий техникага мўлжалланган ёпиқ автотураргоҳ ҳам барпо этилган.



Эътиборлиси, мазкур бинонинг лойиҳа ва қурилиш ишлари тўлиқ комбинатнинг ички имкониятлари – таркибий бўлинмалари томонидан амалга оширилгани халқ ва армия бирлигининг ўзига хос амалий ифодаси бўлди. Бу каби замонавий иншоотларнинг фойдаланишга топширилиши нафақат ҳарбий хизматчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишга, балки юртимизнинг стратегик муҳим объектлари хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ватан ҳимоячиларига кўрсатилаётган бундай эҳтиром соҳа ходимларининг жанговар руҳини кўтаришда муҳим омил бўлиб қолмоқда.
ОКМК Ахборот хизмати