Сунъий интеллект кўплаб соҳаларда бебаҳо воситага айланди, мураккаб вазифаларни тезда ҳал қилишга қодир, унумдорлик ва самарадорликни оширади. Жумладан, йирик саноат корхонаси бўлган Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолиятида ҳам сунъий интеллект (SI) технологияларини кенг татбиқ этиш мақсадида сунъий интеллектни жорий этиш ва ривожлантириш бўлими ташкил этилди.
Хусусан, комбинатда сунъий интеллектни жорий этиш ва ривожлантириш бўйича 2026-2030 йилларга мўлжалланган Концепция ишлаб чиқилди. Унинг асосий мақсади сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқариш занжирининг барча босқичида қўллаш орқали глобал рақобатбардошликни таъминлаш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва ишлаб чиқариш хавфсизлигини ошириш учун комбинатни интеллектуал корхонага айлантиришдан иборат.
Ушбу босқичда сунъий интеллектни жорий этишнинг асосий йўналишлари технологик жараёнлар (тоғ-кон, бойитиш, металлургия, ташиш), саноат хавфсизлиги ва экология (махсус ҳимоя воситаларининг видео таҳлили, чиқинди омборлари ва атроф-муҳит мониторинги), корпоратив бошқарув (рақамли ёрдамчилар, харидлар ва омборларни бошқариш, ҲР-таҳлил) сифатида белгиланди.
Биринчи босқичда, жорий йилда маълумотларни қайта ишлаш марказини қуриш, сунъий интеллект лабораториясини ташкил этиш, жамоани шакллантириш, майдалаш ва флотация жараёнларига таъсир кўрсатадиган тез иқтисодий самарадорликка эга бўлган тажриба лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, саноат хавфсизлигини таъминлаш ва жароҳатларни камайтириш учун компьютер кўриш тизимларини жорий этиш, ходимларнинг рақамли саводхонлигини ошириш бўйича кенг кўламли дастурлар ва рационализаторлик таклифларини йиғиш механизмларини ишга тушириш режалаштирилган.
Иккинчи босқичда (2027-2028 йиллар) муваффақиятли тажриба-синов лойиҳалари бойитиш фабрикалари, Мис эритиш заводининг барча технологик занжирларига жорий этилади. Кимёвий таҳлил маълумотларини тўлиқ рақамлаштириш ва уларни машинали ўқитиш моделларига интеграция қилиш учун ягона лаборатория ахборот тизимини (LIMS) жорий этиш, муҳим кон ва технологик ускуналарда башоратли диагностика тизимларини жорий этиш кўзда тутилган.
Учинчи босқичда эса (2029-2030 йиллар) комплекс автоном тизимлар, бутун комбинатни башоратли бошқариш, маълумотларнинг тўлиқ интеграциясини ўз ичига олган экотизим яратилади. Концепцияни амалга оширишнинг стратегик мақсади комбинат ишлаб чиқариш активларини “Интеллектуал ишлаб чиқариш” экотизимига трансформация қилишдан иборат.
Шундай қилиб, ОКМКда сунъий интеллект тизимларидан фойдаланиш орқали 2030 йилга бориб операцион харажатларни камида 10-15 фоизга камайтириш, видео-таҳлил ва башоратли диагностика тизимлари орқали ишлаб чиқариш жароҳатлари ва турли ҳодисалар даражасини камайтириш, бойитиш фабрикаларида фойдали компонентларни ажратиб олишни ошириш, ўз инфратузилмаси ва корпоратив билимлар базасини яратиш режалаштирилди.
ОКМК Ахборот хизмати.