Олмалиқ кон-металлургия комбинати Марказий аппаратида ўтган йил амалга оширилган ишлар ва 2026 йилда бажариладиган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда комбинат раҳбарияти, таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда ОКМК бошқарув раиси Абдулла Хурсанов 2025 йилда комбинат меҳнат жамоаси томонидан барча белгиланган ишлаб чиқариш прогнозлари бажарилганини таъкидлади. Жумладан, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 51 триллион сўмдан ошиб, режа 119 фоизга адо этилгани қайд этилди.
Таҳлилларга кўра, ўтган тўққиз йиллик давр солиштириладиган бўлса, 2025 йилда 2016 йилга нисбатан мис ишлаб чиқариш 140 фоизга ошган. Шунингдек, А.Хурсанов ўз сўзида белгиланган вазифалар бажарилиши баробарида комбинатда инвестиция лойиҳаларининг ҳам жадал суръатларда амалга оширилаётганини таъкидлади.

Жумладан, 3-Мис бойитиш фабрикасида 2025 йилнинг 27 март куни биринчи концентрат олингани, мазкур фабриканинг 1-линияси ишга туширилиб, мис концентрати Мис эритиш заводига етказиб берилаётгани айтиб ўтилди. Бундан ташқари, 2025 йилда Оҳак заводида битта айланма печь, Мис эритиш заводи Нодир металлар ишлаб чиқариш цехида иккита айланма печь фойдаланишга топширилди. Янги портловчи моддалар заводи қурилиб, ишга туширилди.
Йиғилиш давомида бошланган 2026 йилда ҳам комбинат меҳнат жамоаси томонидан барча ишлаб чиқариш вазифаларининг бажарилиши таъминланиши, 3-Мис бойитиш фабрикасининг технологик линияларини тўлиқ қувватга чиқариш, Рух заводининг 6-Сульфат кислота цехи ва Ковулди кони маъданларини қайта ишловчи Олтин саралаш фабрикасини фойдаланишга топширилиши маълум қилинди.
Шунингдек, янги Мис эритиш заводи қурилишини жадал суръатларда бошлаш, қуввати 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш бўлган 4-Мис бойитиш фабрикаси қурилиши давом этиши, Жиззах вилоятида қуввати 737 минг тонна оҳак ишлаб чиқарадиган Оҳак заводи қурилиши ҳамда 2-Мис бойитиш фабрикасида маъданни қайта ишлаш қувватларини 5 миллион тоннага ошириш ишлари бошланиши ҳақида сўз борди.
Йиғилиш давомида мутасаддиларга кўрилган масалалар юзасидан тегишли тартибда вазифалар юклатилди. Комбинатнинг ҳар бир ишчи-ходими ўз ишига масъулият билан ёндашса барча кўзланган натижаларга эришиш айтилди.
А.Мусаев, ЎзА.