Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОКМКда маҳаллийлаштириш дастурининг самараси катта
14:48 / 2026-01-20

Бугунги кунда саноат кооперациясини ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва “Саноат учбурчаги” дастури ижросини таъминлаш мақсадида Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2024 йил Олмалиқ шаҳрида ўтказилган “Олмалиқ КМК” АЖ томонидан импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш мавзусидаги “Саноат учбурчаги” саноат ярмаркасида ОКМК, “Олмалиқ қуюв механика заводи” МЧЖ ҳамда “Андижон механика заводи” АЖ ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, йўл харитаси тасдиқланган эди. 

Бугунги кунда, “Андижон механика заводи” АЖда вагон-самосвалнинг кузови, пастки ва устки рамалари каби асосий қисмлари ишлаб чиқарилмоқда. “Олмалиқ қуюв механика заводи” МЧЖда эса тележкаларнинг барча асосий қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Муҳими, ҳозирда ишлаб чиқарилаётган эҳтиёт қисмлар бўйича барча сертификатлар олинган, техник талаблар тўлиқ бажарилмоқда. Саноат темир йўл транспорт бошқармаси мутахассислари томонидан жараёнлар доимий назорат қилиниб, зарур тавсия ва таклифлар берилмоқда. 

Хусусан, ОКМК Транспорт ва логистика департаменти директори Рустамбек Санақулов ҳамда СТТБ бошлиғи Сирожиддин Маназаров “Андижон механика заводи” АЖда бўлиб, вагон-самосвал ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Улар томонидан мутахассисларга зарур тавсиялар берилди. 

Шунингдек, “Андижон механика заводи” АЖда намуна вагон-самосвал учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш якунланиб, вагонни йиғиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу техникалар бугунги кунда ОКМКда тоғ жинсларини мис бойитиш фабрикаларига етказиб беришда асосий транспорт воситаси ҳисобланади. 

Маълумотга кўра, лойиҳа доирасида “Андижон механика заводи” АЖ томонидан комбинатга 196 та шундай вагон-самосваллар етказиб берилиши кўзда тутилган. Эътиборли жиҳати шундаки, шу кунгача улар хориждан келтирилар эди. Эндиликда маҳаллийлаштириш дастури доирасида бунга эҳтиёж қолмади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирда ишлаб чиқариладиган 6 ўқли “2BC-105 (Q-115)” турдаги вагон-самосваллар хорижникига қараганда 1,5 баравар арзонга тушади. 

А.Мусаев, ЎзА.