Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОКМКда кончи-металлурглар куни кенг нишонланди
16:11 / 2024-05-18

Маълумки, май ойининг учинчи якшанбаси юртимизда Ўзбекистон кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни сифатида кенг нишонлаб келинади. Ушбу сана муносабати билан ОКМК спорт мажмуасида 17 май куни Ўзбекистон кончилик ва металлургия саноати ходимлари кунига бағишланган эстрада юлдузлари иштирокидаги катта гала концерт дастури бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида ОКМК меҳнат жамоасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.

Тадбирда сўз олган ОКМК бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов комбинат йилдан йилга ривожланиб бораётганлигини, инвестиция лойиҳаларини жадал суръатларда амалга оширилаётганлигини, меҳнат жамоаси касб байрамида юқори меҳнат марраларини забт этиб келаётганини таъкидлаб, барчани самимий муборакбод этди.

Байрам тадбирида Ўзбекистон кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни муносабати билан 18 нафар ишчи-ходимлар турли даражадаги «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, 43 нафар ишчи-ходимга комбинат Фахрий Ёрлиқлари, 35 нафар ходимлар эса қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.

Тадбирда Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан жанговар кўргазмали чиқишлар барчада катта таассурот қолдирди.

«Металлург» маданият саройи ижодий гуруҳлари томонидан тайёрланган концерт дастури ҳамда, «Наврўз» рақс ансамблининг чиқишлари барчага манзур бўлди.

Айниқса, таниқли санъаткорлар Дилфуза Раҳимова, Ирода Искандарова, Аҳрор Усмоновларнинг дилтортар тароналари барчага хушкайфият улашди.

Эстрада хонандалари Афруза ва Ҳамдам Собировларнинг шўх-шодон тароналари барчани рақсга чорлади.

Тошкент вилояти Филармонияси жамоаси томонидан комбинат ишчи-ходимлари фаолиятига бағишлаб тайёрланган қўшиқ ва клип олқишларга сазовор бўлди.

Ҳар йилги анъанага кўра, гала концерт мушакбозлик билан якунланди.

ОКМК Ахборот хизмати