French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОКМК: журналистлар учун пресс-тур
19:07 / 2022-12-27

ОКМКнинг Чирчиқ шаҳрида жойлашган таркибий бўлинмаси – Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида журналистлар учун пресс-тур ўтказилди.

“Олмалиқ кон-металлургия комбинатида йил дастури ижроси” мавзусида ташкил этилган мазкур тадбирда мутахассислар томонидан бу ерда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, ушбу бирлашма ОКМК таркибидаги энг муҳим таркибий бўлинма бўлиб, унда молибден ва вольфрам металли, тузлар, вольфрам карбиди, оловбардош керамик маҳсулотлар, қаттиқ қотишмалардан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилган. Бирлашма томонидан 2022 йил 33,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Ички бозорга эса 29,18 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб берилган. Комбинат таркибий бўлинмаларига эса 1,09 миллиард сўмлик маҳсулот юборилган. Бундан ташқари, бирлашма қошида 2019 йил Ўзбек-корейс илмий техник маркази фаолияти йўлга қўйилган. Марказ мутахассислари томонидан самарали илмий изланишлар олиб бориляпти. Комбинат олимлари ҳамда бирлашма, марказ мутахассисларининг самарали илмий тадқиқот ишлари натижасида 2021 йилда рений металли, 2022 йилда эса молибден металлини соф ҳолатда олинишига эришилди.  

Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари 28 мингта кончилик, геология соҳалари, кимё-физика фанларига оид тадқиқотлар, илмий-оммабоп адабиётларига эга кутубхонани бориб кўрди. Бу ерда комбинат мутахассислари ўзлари устида ишлаш учун барча шароит яратилган. Мутахассисларининг айтишича, бу йил даражада мустаҳкамлик ва эгилувчанликка эга никель асосли янги супер қотишма олинди. Ундан автомобилсозлик, ички ёнув двигателлари, юқори иссиқликда ишловчи қурилмалар, нефть-газ соҳасида, аэрокосмик ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Яна бир янги маҳсулот аммоний октамолибдат бўлиб, у тутунни камайтирувчи ва оловни сўндириш хусусиятига эга. Ушбу модда барча пластик маҳсулот (поливинилхлорид)ларига қўшилганда биринчи навбатда ёнғинни ўчириш хусусиятга эга. Энг афзаллик жиҳати пластик қурилиш материалига қўшилганда унинг ёнувчанлигини тўхтатади. Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида жойлашган “Ингичка” вольфрам конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш, вольфрам концентратини ажратиб олиш ҳисобига янги турдаги юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш ишлари ҳам бирлашма меҳнат жамоаси зиммасига юклатилган эди. Ушбу коннинг техноген чиқиндиларидан август ойида илк маҳсулот олинишига эришилиб, бу маҳсулотга халқаро сертификат олинди.  

Мутахассислар ўз тақдимотларида 2022-2026 йилларда бирлашмани ривожлантириш дастури бўйича амалга оширилиши белгиланган умумий қиймати 161,05 миллион доллар бўлган 34 та лойиҳа ҳақида айтиб берди. Бу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 135 та янги иш ўрни яратилиб, 20 дан ортиқ маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.  

– Бирлашмамизда ҳозир 1 минг 200 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қиляпти. Жорий йилда бирлашмамиз меҳнат жамоаси 421,3 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарди ва режа 180,2 фоизга муддатидан аввал бажарилди, – дейди бирлашма директори Илҳом Асадов. – Маҳаллийлаштириш дастури асосида 42 та лойиҳа бўйича 110,3 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган. Бундан ташқари, жорий йилнинг 25 декабрь куни Корея Миллий Ассамблеяси томонидан Олмалиқ кон-металлургия комбинатига 15 миллиард вон миқдоридаги грант ажратилиши бўйича қарор қабул қилинди. Кўриниб турибдики, келгуси йил ҳам катта мақсадларимиз бор.  

Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари бир қатор ишлаб чиқариш тармоқлари фаолияти билан танишиб, мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.  

А.Мусаев, ЎзА.