Жорий йилнинг февраль ойида Президентимизнинг ёшлар билан ўтказилган мулоқотида берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Олмалиқ кон-металлургия комбинатида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Олмалиқ КМК” АЖ бошқарув раиси, сенатор Абдулла Хурсанов ва ёшлар ўртасида мунтазам равишда ўтказиб келинаётган очиқ мулоқотлар давомида ёшлар томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда.
Навбатдаги очиқ мулоқот 3-Мис бойитиш фабрикаси фаоллар залида ташкил этилди. Унда ОКМК масъуллари, комбинат таркибий бўлинмаларида фаолият юритиб келаётган ёшлар, МТТУ МИСиС Олмалиқ филиали ўқитувчилари, “GеoMеtTех” илғор муҳандислик мактаби талабалари иштирок этди.
Учрашувда сўз олган Абдулла Хурсанов бугунги кунда жаҳон сиёсий майдонида рўй бераётган ҳодисалар ва унинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига таъсири, комбинатда амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳаларда ёшларнинг аҳамияти борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Бугунги кунда ОКМК жаҳонга юз тутаётгани, яшил энергетикани самарали жорий этаётганини таъкидлаб, энергия самарадорлиги бўйича ўтказилаётган танловларда ёшлар томонидан яхши таклифлар берилаётганини алоҳида эътироф этди.
Самимий руҳда ўтган мулоқот давомида ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди, уларнинг келажакдаги режалари ва қизиқишлари юзасидан фикр алмашилди. Жараёнда комбинат томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин топиши учун яратилган шароитлар ҳақида сўз юритилди.
ОКМК бошқарув раиси ёшлар томонидан билдирилган бир қатор таклифлар қўллаб-қувватланадиган бўлди. Хусусан, комбинат ёшлари учун замонавий электрон кутубхона ташкил этиш, МТТУ МИСиС Олмалиқ филиали билан ҳамкорликда IТ марказ фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, комбинат фаолияти бўйича маълумотларни болалар учун кенг етказиб бериш мақсадида ОКМК Ахборот хизмати ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида миллий контентлар тайёрлаш марказини ташкил этиш ташаббуслари қўллаб-қувватланадиган бўлди.
Тадбирда ОКМК Ахборот хизмати ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида сунъий интеллект технологиялари ёрдамида яратилган “Мисвойнинг саргузаштлари” анимацион фильми намойиш этилди. Комбинат ёшлари эътиборига янги барпо этилган 3-Мис бойитиш фабрикасининг марказий диспетчерлик хизмати фаолияти ҳам батафсил таништирилди.
Маълумот учун, бугунги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинатида жами ёшлар сони 10 минг 320 нафарни ташкил этади. Шундан, олий маълумотли ёшлар 1 минг 489 нафар (128 нафари магистр), Раҳбар ва муҳандис техник ходимлар сони 872 нафар. Комбинат бир неча йиллар давомида Ўзбекистон ва хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келади. Мазкур олий таълим муассасаларини тамомлаган 180 нафар ёшлар бугунги кунда комбинат корхоналарида фаолият юритмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.