Мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 2023 йил куз ва 2024 йил баҳор мавсумларида лойиҳани амалга ошириш учун жами 243 гектар ер майдони кўчат экишга тайёрланди. Бугунги кунга қадар ушбу ер майдонларида 1 миллион 536 минг (101%) дона дарахт кўчатлари экилди.
Экилган дарахт кўчатларининг 955 минг донаси атроф-муҳитга таъсир хавфи ўрта ва юқори даражада бўлган объектлар атрофида “Яшил белбоғ” кўринишида ерга қадалиб чиқилди. Эътиборли жиҳати, “Яшил макон” лойиҳаси комбинатнинг республикадаги барча объектларида ҳам амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятида жам бўлиб 1 миллион 422 минг дона дарахт ниҳоллари, Олмалиқ шаҳрида 1 миллион 320 минг туп кўчатлар экилди. 781 минг донаси эса “Яшил белбоғ” кўринишида ўтқазилди. Бундан ташқари, Чирчиқ шаҳрида 18200 дона, Ангрен шаҳрида 83300 дона навниҳоллар “Яшил белбоғ” кўринишида экилди.
Шунингдек, “Яшил белбоғ” учун Наманган вилояти Поп туманида 42630 туп дарахт кўчатлари экилди. Жиззах вилояти Фориш туманида 5000 туп, Самарқанд вилояти Ингичка конида 21000 туп ниҳоллар ерга қадалди. Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида 48500 туп дарахт ниҳоллари “Яшил белбоғ” учун экилганини таъкидлаш жоиз.
Келгуси йилларда экиш учун 4 023 290 дона терак қаламчалари ўтқазиб чиқилди. Дарахт кўчатлари экилган ҳудудларнинг барчаси томчилаб суғориш тизими билан таъминланмоқда.


Яна бир муҳим жиҳати экилган дарахт кўчатлари комбинат корхоналарининг фаол ишчиларига парваришлаш, сақлаш, агротехник тадбирларни бажариш учун бириктирилмоқда.
ОКМК ахборот хизмати