Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОКМК: янги технология ўз самарасини берди
10:11 / 2023-02-01

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида илм фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси туфайли кўплаб ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, комбинатнинг Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бирлашмаси қошидаги Ўзбек-Корейс илмий технологик маркази мутахассислари томонидан вольфрам таркибли чиқиндилардан 96 фоиз кобальтни ажратиб олишга эришилди. Вольфрам чиқиндиларидан ажратиб олинган кобальт металлини қайта ишлаб чиқаришга жалб қилиш бўйича анчадан буён самарали ишлар олиб борилмоқда.

Кобальт асосан металлардан кесувчи асбоблар тайёрлашда уларнинг емирилишга бардошли ва чидамлилигини  оширишда мухим аҳамият касб этади. Шу боис янги технология асосида ажратиб олинадиган кобальтдан металларга ишлов бериш учун кесувчи асбоблар тайёрланиб, ишлаб чиқариш жараёнларига жалб қилиш асосий мақсад қилиб қўйилган.

Шу ўринда  таъкидлаш жоизки, айни пайтда дунё бозорида кобальтга бўлган  талаб таклифдан камида 10 фоиз ошиб бормоқда, яъни етмаган кобальт миқдори чиқиндилардан ажратиб олинмоқда.    

Кобальт ва унинг бирикмалари саноатнинг турли соҳаларида қўлланилади. Масалан, радио–техника, рангли металлургия, пўлат қотишмалар тайёрлашда, литий ион батареяларнинг электродлари, катализаторлар шулар жумласидан. Эътиборлиси, республикамизда кобальт 100 фоиз импорт маҳсулот хисобланади. Тахминларга кўра, 2030 йилга келиб, дунёда биринчи ишлаб чиқарилган электромобиллар эскира бошлайди. Шунда ушбу батареяларни қайта сақлаш, қайта ишлаш ҳамда кобальт металлини ажратиб олиш янада долзарб масала бўлиб қолади. Ишлаб чиқилган янги технология, келажакда электромобилларнинг, смартфонларнинг ишдан чиққан литий аккумуляторларидан кобальтни ажратиб олишга қўлланилиши учун пойдевор бўлиб хизмат қилади ва энг муҳими атроф муҳитни ҳимоя қилишда кенг қўлланилади.  

Бир сўз билан айтганда, вольфрамли қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш соҳасида чиқиндисиз технология яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Ҳозирги кунда синов жараёнлари муваффақиятли  ўтди ва ишлаб чиқаришга жорий қилинди.  

 

ОКМК Ахборот хизмати  

ЎзА