Беморларга меҳр-мурувват кўрсатиш, ғамхўрлик қилиш, муҳтожлар ҳолидан хабар олиш халқимизга хос бўлган эзгу амаллардан саналади.
Бугун “Металлург” маданият саройида Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда “Сен кучлисан” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган саратон хасталигига чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш хайрия акцияси ҳам эзгуликнинг амалдаги ифодаси бўлди. Дасткаб, болалар учун турли эртак қаҳрамонлари иштирокида саҳна кўринишлари намойиш қилинди.
Тадбирда сўз олган ОКМК бошқарув раисининг ходимлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Саъди Шерматов комбинат томонидан мана шундай эзгу амаллар диомо қўллаб-қувватланишини маълум қилди.
Акция доирасида бемор болалар томонидан яратилган санъат асарлари, расмлар кўргазмаси ҳамда савдо ярмаркаси ҳам ўтказилди. 25 нафар бемор болалар томонидан яратилган санъат асарлари аукцион орқали харидорларга сотилди.

Эътиборлиси ОКМК томонидан болажонлар томонидан тайёрланган рамзий сурат рекорд сумма – 50 000 000 сўмга харид қилинди.
Аукцион савдоларида Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси ҳам фаол иштирок этишди.
- ОКМК кўмагида ташкил этилган бугунги тадбир болажонларда катта таасурот қолдирди. Бундан кейин ҳамкорлигимиз давом этишини истардим. Бу каби тадбирлар бемор болажонларда ҳаётга бўлган қизиқишларини ошириб, яшашга бўлган умидларини кучайтиради. Ҳозирда лойиҳамиз орқали мамлакатимиздаги 500га яқин бемор болаларни қўллаб-қувватлаб келаяпмиз.
Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай эзгу амалларни бошидан тутган Президентимизга ва комбинат раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман,- дейди “Сен кучлисан” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Маржона Нурмуҳамедова.
Тадбир давомида 25 нафар болажонлар учун ОКМК томонидан эсдалик совғалари ҳам улашилди.
Шунингдек, болажонлар дунёдаги энг йирик конлардан саналган Қалмоққир конидаги жараёнлар билан ҳам танишдилар.
ОКМК ахборот хизмати