Олмалиқ кон-металлургия комбинати бир неча йиллардан буён дунёнинг нуфузли олий ўқув юртлари билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб келмоқда.
Германиянинг Фрайберг техника университети Кончилик академияси билан комбинат ўртасидаги ҳамкорлик ҳам йилдан йилга мустаҳкамланмоқда.
Мазкур ҳамкорлик доирасида Академия делегацияси ОКМК корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди. Академиянинг машинасозлик, технологик жараёнлар ва энергетика факультети профессори Холгер Либервирт раҳбарлигидаги делегация аъзолари дастлаб Қалмоққир ва Ёшлик-1 конларига борди. Кон қазиш ишлари, қўлланилаётган замонавий технологиялар билан танишилди. Шунингдек, Марказий механик таъмирлаш заводи ва 2-сонли мисни бойитиш фабрикасидаги технологик жараёнлар ўрганилди. ОКМК мутахассислари томонидан ускуналарга техник хизмат кўрсатиш, маъданларни қайта ишлаш соҳасидаги технологиялар ҳафида батафсил маълумот берилди.
Ташриф давомида муҳандислик таълими ва тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Муҳандислик мактабида ташкил этилган учрашувда ёш мутахассисларни тайёрлаш ва қўшма илмий лойиҳаларнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Академия вакиллари томонидан "Геометех" илғор муҳандислик мактабининг 12 магистранти учун "Мис маъданларини қайта ишлашнинг замонавий усуллари ва ускуналари" мавзусида семинар ҳам ўтказилди.
Мазкур ташриф Ўзбекистоннинг йирик саноат корхонаси ва Европанинг энг қадимий кончилик университетларидан бири ўртасида мустаҳкам шериклик алоқаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
ОКМК Ахборот хизмати, ЎзА