Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига ташрифи доирасида Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбарияти ҳамда Европанинг йирик компаниялари вакиллари ўртасида бир қатор музокаралар ўтказилди.
Ўзаро манфаатли ҳамкорлик учрашувлари доирасида ОКМК ва жаҳоннинг йирик KFW IPEX банки ўртасида Марказий Осиёда муқобили бўлмаган Янги Мис эритиш заводини молиялаштириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, Falk-Porsche-Technik GmbH компанияси билан 50 минг тонна мис катанкаси ишлаб чиқариш бўйича келишув шартномаси имзоланди. Унинг доирасида 100 дан зиёд иш ўрни яратилиб, 450 миллион доллардан ортиқ экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Янги барпо этилаётган Мис эритиш заводи учун ушбу компания билан полимербетон ванналар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича келишув шартномаси ҳам имзоланиб, йилига 24 миллион долларлик маҳсулот тайёрланади.
Ташриф давомида юқори вольтли электр двигателлари ва генераторлар ишлаб чиқарадиган MENZEL компанияси билан қўшма корхона, электр двигателлар ишлаб чиқариш бўйича трансфер заводи ва сервис маркази ташкил этиш келишилди. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг дастлабки қиймати 15 миллион еврога баҳоланмоқда. Шунингдек, янги қурилаётган “Ёшлик-1” конини композит ва шишатолали маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Fiberpipe компанияси билан қўшма ишлаб чиқариш қувватини ташкил этиш бўйича келишув шартномаси имзоланди. ОКМК ва Европанинг йирик компанияларидан бири бўлган GP Günter Papenburg AG ўртасида мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича доимий ишларни ташкил этиш мақсадида комбинатнинг техник мутахассисларини Европа мамлакатлари таълим муассасаларида тайёрлаш бўйича ҳам келишувга эришилди. Яна бир эътиборли жиҳати – ташриф доирасида ОКМК ва ABM (Anlagenbau und Maschinentechnik GmbH) компанияси ўртасида йиллик товар айланмаси 15 миллион евро бўлган қўшма корхона ташкил этилди.
Ташриф давомида эришилган асосий келишувлардан бири – бу дунёдаги энг йирик металлургия компанияси саналган Aurubis AG билан ОКМКнинг мис маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланганини алоҳида қайд этиш жоиз. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик ва ҳамкорликни ривожлантириш сиёсати туфайли ушбу ташриф давомида ОКМК ва Европа компаниялари ўртасида қиймати 1450,2 миллион евродан зиёд ҳужжатлар тўплами имзоланди.
ОКМК Ахборот хизмати,
ЎзА