Президентимиз ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан танишиш мақсадида жорий йилнинг 10 февраль куни Жиззах вилоятига ташриф чоғида вилоятда саноатни ривожлантириш бўйича топшириқлар берилган эди. Хусусан, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда Уч-қулоч конини тиклаш ва камида 600 иш ўрни яратиш вазифаси қўйилиб, лойиҳага 200 миллион доллар ажратилиши кўзда тутилган эди.
Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Туркиянинг “Esan Eczacibasi” компанияси бош директори Саваш Шахин ҳамда ОКМК раҳбарияти ўртасида ўтказилган учрашувда ҳам келгусидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари бўйича музокаралар олиб борилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, ОКМК ҳамда “Esan Eczacibasi” холдинг компанияси ўртасида “Уч-қулоч полиметалл конини комплекс ўзлаштириш” инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш бўйича уч томонлама келишув шартномаси имзоланди.
Маълумот учун: Eczacıbaşı Holding 1942 йилда ташкил топган бўлиб, бугун кунда Туркиядаги етакчи минераллар ва металл минераллари ишлаб чиқарувчи саноат компанияси ҳисобланади. У Туркия ва Европадаги ягона бирламчи магний ишлаб чиқарувчи компаниядир.
Холдинг таркибида табиий ресурсларни қайта ишлаш, қурилиш ва истеъмол товарларини ишлаб чиқариш, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, девелоперлик соҳалари бўйича 46 та компания мавжуд. Холдинг таркибидаги Esan Eczacıbaşı компанияси эса қаттиқ ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида етакчи компания саналади.
ОКМК Ахборот хизмати,
ЎзА