Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг таркибий бўлинмалари бизнес режада кўрсатилган йиллик прогноз вазифаларини муддатидан аввал бажаришга муваффақ бўлишмоқда.
Жумладан, Оҳак заводи меҳнат жамоаси 2025 йил учун ўзларига юклатилган вазифани 8 декабрь куни бажаришга эришишди.
Завод томонидан 139 815 тонна оҳак ишлаб чиқарилиб, режа вазифа 100%га бажарилиши таъминланди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, бу ютуқлар замирида заводда қувурли айланма печининг 2-тармоғига қўлланилган янги технология муҳим ўрин эгаллайди. Бу янги технология натижасида табиий газ иқтисодига эришилиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми оширилди. Шунингдек, заводдаги технологик ускуналарнинг бир маромда ишлашининг таъминланиши ҳам мана шундай меҳнат зафарларининг бош омили бўлди.
Маълумот учун: оҳак маъданларни бойитишда муҳим реагент ҳисобланади. ОКМК бойитиш фабрикаларида ҳам уни кенг қўллашади. Шунингдек, Рух ва Мис эритиш заводларида сульфат кислота ишлаб чиқаришда нейтралаштириш учун оҳакдан фойдаланилади.
2025 йилнинг 14 февраль куни Оҳак заводида қувурли айланма печининг 2-тармоғи фойдаланишга топширилди. Натижада оҳак ишлаб чиқариш қувватлари оширилди.
Шунингдек, 2025 йилнинг 25 февраль куни Жиззах вилояти, Фориш туманида “Ёшлик-I конини ўзлаштириш” инвестициявий лойиҳаси доирасида Янги оҳак заводининг қурилишига старт берилди.