Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг асосий бўлинмаларидан ҳисобланган Мис бойитиш фабрикаси меҳнат жамоаси яна бир белгиланган маррани забт этди.
Фабрика мутахассислари томонидан бугун мис бойитмасидаги мисни Мис эритиш заводига жўнатиш бўйича 2025 йил учун белгиланган вазифа муддатидан аввал бажарилишига эришилди. Декабрь ойининг биринчи ўн кунлиги якунларига кўра, Мис эритиш заводига фабрика томонидан 111,25 минг тонна мис бойитмасидаги мис етказиб берилди.


Бундай ижобий натижаларга эришиш учун 2025 йилда Мис бойитиш фабрикасида асосий ишлаб чиқариш қувватларини модернизация, реконструкция қилиш ва ишлаб чиқаришни барқарорлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича кенг кўламли ишлар давом эттирилди.

Хусусан, белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши маҳсулот сифатини ошириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилди. Бундан ташқари, МБФ томонидан молибден оралиқ маҳсулотидан молибден етказиб бериш бўйича йиллик режа жорий йилнинг октябрь ойида муддатидан аввал бажарилган эди.
А.Мусаев, ЎзА.