Ҳар йили май ойининг учинчи якшанбаси Ўзбекистон кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни сифатида кенг нишонланиб келинади. Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси ушбу қутлуғ санани катта тантаналар билан кутиб олади.
Хусусан, ОКМК спорт мажмуасида ташкил этилган байрам тадбири аввалида комбинат таркибий бўлинмаларининг ўзига хос паради ўтказилди. Шундан сўнг, Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Хурсанов барчани касб байрами билан самимий табриклади. Соҳа заҳматкашларини эришаётган юқори натижалари алоҳида эътироф этилди. Президентимиз ташаббуси билан комбинат жамоаси улкан мега лойиҳа – “Ёшлик I” конини ўзлаштириш ишларини амалга оширмоқда. Бу Ўзбекистондаги энг катта тарихий жараёнлардан биридир. Ҳозирги кунда мегалойиҳа доирасида янги темирйўллар, алоқа тармоқлари янги станциялар қурилди.

– Шунингдек, инфратузилма иншоотлари бирин-кетин фойдаланишга топширилмоқда, – дейди А.Хурсанов. – Жадал суръатларда 3-Мис бойитиш фабрикасининг қурилиши давом этяпти. Фабриканинг биринчи технологик навбатини жорий йилнинг сентябр ойида ишга тушириш ниятидамиз. Шунингдек, янги металлургия комплекси лойиҳасини бунёд этиш ишлари ҳам бошлаб юборилган. Буларга параллел равишда 4-Мис бойитиш фабрикасини лойиҳалаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. 2022 йил якунида Самарқанд вилоятидаги Ингичка кони техноген чиқиндиларини қайта ишлашни йўлга қўйдик. Айни пайтда эса Жиззах вилоятидаги Уч-Қулоч полиметалл конини тўлиқ тиклаш мақсадида геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда. Бу янги лойиҳаларимизнинг ҳаммаси нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада оширади, балки минглаб одамларни иш билан таъминлайди.

Ҳозирги пайтда комбинат фаолияти янада кенгаймоқда. Мис ва нодир металлардан чуқур қайта ишланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилаётир. Бу саъй-ҳаракатлар хорижий инвесторларни ҳам қизиқтиряпти.

Тадбир давомида Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари Шукрулла Маҳмудов ҳам кончи-металлургларни касб байрамлари билан қутлади. Кўп йиллар давомида комбинат таркибий бўлинмаларида меҳнат қилиб келаётган 22 нафар илғор ишчи-ходимлар турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан, 40 нафар ишчи-ходим эса комбинат Фахрий Ёрлиғи билан мукофотланди. Шунингдек, 46 нафар ишчи-ходимга қимматбаҳо совғалари туҳфа этилди.

“Металлург” маданият саройининг ижодий гуруҳлари томонидан тайёрланган ажойиб рақслар барчага манзур бўлди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар томонидан ижро этилган қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди. Анъанавий тарзда ўтказилган мушакбозлик томошалари мезбону узоқ-яқиндан келган меҳмонларда ёрқин таассурот қолдирди.
Байрам тадбирлари давом этмоқда. Жойларда комбинат таркибий бўлинмаларининг ўзига хос техника воситалари, маҳсулотлар ва макетлар кўргазмаси ташкил этиляпти. Халқ сайли тарзида ўтказилаётган байрам тадбирида спорт мусобақалари ҳам ўтказилмоқда.
А.Мусаев,
ЎзА.