Обод юртнинг файзи, таровати ўзгача бўлади. Зотан, озодалик, поклик, саранжом ва саришталик юртимизнинг янада кўркам бўлишига замин яратади. Бунда халқимизнинг йиллар давомида шаклланган эзгу қадрияти – ҳашар муҳим ўрин тутади.
16-18 март кунлари бутун мамлакатимиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда. “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида ўтаётган ҳашарда Олмалиқ кон-металлургия комбинати ишчи- ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. 16-17 март кунлари ташкил этилган хайрия ҳашарида комбинат ишчи-ходимлари томонидан таркибий бўлинмалар ҳудудлари, Олмалиқ шаҳрининг бириктирилган маҳалла ва кўчалари, қабристонлар ободонлаштирилди.
Жумладан, икки кун давомида 377 минг метр квадрат ҳудуд тозаланиб, 401 тонна чиқинди олиб чиқилди. Ариқ-зовурлар тозаланиб, 137 та махсус техникалар ҳашарга жалб этилди. Шунингдек, 27045 дона дарахтлар оқланиб 6180 туп дарахтларга шакл берилди. Бундан ташқари, 37 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг хонадонларида ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Хайрия ҳашари давом этмоқда.
ОКМК Ахборот хизмати